Муҳаммад Саид Муҳаммад ал-Лаватий: 2016 йили очиладиган кутубхона Ўмон–Ўзбекистон дўстлиги рамзига айланади

Тошкентда Ўмон Султонлиги ҳомийлигида бунёд этилаётган Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази кутубхонаси 2016 йили фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Ўмоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Саид Муҳаммад ал-Лаватий маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу лойиҳага Ўмон Султони Қобус бин Саъид аълоҳазратлари томонидан 20 миллион АҚШ долларидан кўпроқ грант ажратилган.

Элчи Муҳаммад Саид Муҳаммад ал-Лаватий ушбу маънавият маскани Ўмон ва Ўзбекистон дўстлиги рамзига айланишига ишонч билдирди.

Тошкентда 18 ноябрь – Ўмон Султонлигининг миллий байрами муносабати билан ўтказилган маросимда сўзлаган дипломат икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади.

Таъкидланишича, икки давлат ўртасида турли соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий йўналишда ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Бунда юқори даражадаги учрашув ва музокаралар ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Масалан, жорий йил сентябрда Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги бош котиби Саид Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий бошчилигидаги делегация Тошкентга келди. Делегация аъзолари савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Ўмон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ва Ташқи ишлар вазирликлари сиёсий маслаҳатлашувларида иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Ўмонга 2009 йил октябрдаги ташрифидан кейин қўшма инвестициявий фонд таъсис этилган. Ҳозирча 100 миллион АҚШ долларилик капиталга эга ушбу фонд Ўмон сармояларини Ўзбекистонга жалб этишга интилмоқда.

2011 йилда Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Ўмон темир йўл коридорини ишга тушириш бўйича битим имзоланган. Айни пайтда лойиҳа иштирокчилари транзит тарифларини камайтириш бўйича музокара олиб бормоқда. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон билан Ўмон ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўмон элчиси Муҳаммад Саид Муҳаммад ал-Лаватий муштарак эътиқод, маданият ва қадриятларга эга икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар бундан-да ривожланишига умид билдирди.

Тошкентдаги дипломатик корпус раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва журналистлар ҳозир бўлган тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов қатнашди.

Ўмон Султонлиги Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йил декабрда тан олган. 1992 йил 22 апрелда икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган. 2010 йил апрель ойидан Тошкентда Султонликнинг элчихонаси фаолият юрита бошлаган.

Ўзбекистон Президентининг 2009 йил октябрь ойидаги Ўмон Султонлигига давлат ташрифи чоғи 19 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланган.

Масқатдан Тошкентга бир қатор юқори мартабали меҳмонлар келган. Хусусан, 2010 йил май ойида Ўмон Ташқи ишларга масъул вазири Юсуф бин Алавий Ўзбекистонга ташриф буюриб, Президент Ислом Каримов билан учрашган.

Собир Салим

SHARE