Ўзбекистонлик тадбиркорлар Буюк Британияга ташриф буюришади

Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси Буюк Британия элчихонаси билан ҳамкорликда Буюк Британияга бизнес-саёҳат уюштирмоқда. Газета.uz сайтининг ёзишича, сафар келгуси йилнинг  26 январидан 2 февралигача давом этади. Бизнес вакилларидан иборат делегация Лондон, Кембридж ва Эдинбург шаҳарларига ташриф буюради.

Шу йилнинг 3 декабрь куни тур иштирокчиларининг учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда маҳаллий тадбиркорлар Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Кристофер Аллан билан мулоқот қилиб,  ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

“Ишонч билан айта оламанки, саёҳат дастурига киритилган компаниялар нафақат Британияда, балки бутун дунёдаги энг яхшиларидир. Ўзбекистонлик тадбиркорларда янги малакаларга ва, албатта, ўз бизнеси учун янги импульсга эга бўлиш имконияти борлигидан мамнунман”, — деди Аллан.

Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси бундан аввал худди шундай сафарларни АҚШга ҳам уюштирган эди.