Ислом Каримов Илҳом Алиевга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиевга “Гўнешли” денгиз нефть платформасида юз берган ёнғин оқибатида одамлар ҳалок бўлиши муносабати билан таъзия билдирди. Бу ҳақида “Тренд” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

“Ҳурматли Илҳом Гайдарович, Каспий денгизидаги нефть қазиб олиш конида юз берган ёнғин оқибатида одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан самимий таъзиямни қабул қилинг. Ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлигимни етказиб қўйишингизни сўрайман”, дейилади Президент таъзиясида.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 4 декабрь куни кечқурун кучли довул натижасида юқори босимли сувости газ қувури зарар кўради ва ёнғин келиб чиқади. Олиб борилган қутқарув тадбирлари натижасида 33 киши қутқарилди, 7 кишининг жасади топилган. 26 нафар нефтчи эса бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.

 

SHARE