Ўзбекистон: Терроризмга қарши кураш исломофобияга айланиб кетмаслиги керак

Яқинда Ўзбекистон Республикаси делегацияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Белграддаги мажлисида иштирок этди.

Унда Ўзбекистон делегацияси бир қатор масалаларда ўз позициясини маълум қилди. Хусусан, Ўзбекистон делегациясининг қайд этишича, минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш учун бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва маданиятлар хилма-хиллиги сингари ғояларни тарғиб қилиш долзарб аҳамият касб этади.

Ўзбекистон асрлар давомида Ислом таълимоти маркази сифатида одамлар онгида эзгулик ва тинчликка интилиш, миллатлараро ва динлараро муносабатларда бағрикенглик, ирқи ва эътиқодидан қатъи назар одамлар ўртасида ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган.

“Мамлакатимиз фикрича, терроризмга қарши курашиш исломофобияга айланиб кетмаслиги ҳамда ислом дунёси билан очиқчасига ёки сиртдан қарама-қаршилик кўринишига айланмаслиги керак. Турли маданият ва динлар ўртасида бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва ҳурматни тарғиб қилиш, ижтимоий интеграция масалаларини ҳал қилиш ЕХҲТнинг гуманитар “саватчаси”да устувор ўрин эгаллаши керак”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.

SHARE