Профессор Гога Ҳидоятов вафот этди

Тарихшунос олим, профессор, тарих фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Гога Аброрович Ҳидоятов оламдан ўтди. Kun.uz сайти ёзишича, олим 85 ёшда эди.

Гога Ҳидоятов 1930 йилнинг 9 май куни Тошкент шаҳрида машҳур актёрлар Аброр Ҳидоятов ва Сора Эшонтўраева оиласида дунёга келди.

У М. В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетида ўқиди.

1958 йилдан бошлаб турли илмий муассасаларда фаолият юритиб келди. Ўз илмий фаолиятини Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида катта илмий ходим сифатида бошлади; 1994-1999 йилларда Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори бўлди. 2005 йили пенсияга чиқди, лекин илмий фаолиятини тўхтатиб қўймади ва умрининг охирига қадар илмий изланишни давом эттирди.

15та монография, 100дан ортиқ илмий мақолалар, жаҳоннинг янги тарихи бўйича қатор дарсликлар муаллифи. Нафақахўрлик йилларида интернетда кўплаб илмий-оммабоп мақолалар билан чиқишлар қилиб турди, уларда ўзбеклар ва умуман Ўрта Осиё халқлари тарихи бўйича янги қарашларини ифода этиб берди. Эдвард Оллвортнинг The Modern Uzbeks (Замонавий ўзбеклар) китобининг алоҳида бобларини инглиз тилидан таржима қилди.

Охирги кунларда Гога Аброрович “Тюркская цивилизация” (Турк цивилизацияси) китоби устида ишлади ва уни якунлашга улгурди.