Пўлат Саидқосимов: “Савиясиз кинолар томошабин дидини ўлдирмоқда”

«Чол ва набира» фильми ҳақида гап кетганда кино ихлосмандлари кўз олдига Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов келса ажаб эмас. Чўрткесар, донишманд қария образи кўпчиликнинг меҳрини қозонгани чин. Бу гал кўп сонли муштарийларнинг талаб-истаклари асосида умрини санъатга бахшида қилган ана шу актёр билан суҳбат уюштирдик.

— Пўлат ака, умрингизнинг кўп қисми театрда ўтди. Айтинг-чи, театр сизга нима берди?

— Театрми? Театр ҳаётимнинг ажралмас бир қисмига айланди. Нимагаки эришган бўлсам — ҳаммаси мана шу театр туфайли.

Институтни битиргач, Самарқанд театрида ишладим. Саҳнанинг ҳақиқий қиёфасини ўша театрда ўргандим. Уч йил ишлаб, сўнг ҳозирги Ўзбек Миллий академик театрига келдим. Ўша пайтда бу даргоҳда забардаст актёрлар бор эди. Улар билан партнёр бўлишни эса тасаввур ҳам қилолмасдим. Чунки мен ёш эдим-да, уларнинг салобати, ўйнаган роллари ҳам залворли эди. «Ганг дарёсининг қизи» фильмида Ромеш образини ўйнадим. Режиссёр Тўлахўжаев «Йўлчи юлдуз» асарини саҳналаштирганда Ислом ролини ишониб берган. Шундай қилиб, аста-секинлик билан театрда ўз ўрнимни топдим. Мени элга танитган, ҳурматни берган мана шу театр бўлди. Шунинг учун ҳам Ўзбек Миллий театрининг артистиман, деб ҳамиша ғурурланиб юраман.

— Унда театрдан нега кетдингиз?

— Нега кетдим? Мен театрдан кетганим йўқ… 2005 йилда бошимга бироз ташвиш тушди. Шундан кейин театрга келсам, эълонлар тахтасига «Пўлат Саидқосимов билан шартнома бекор қилинди», деб ёзиб қўйишибди. Демак, ҳаммаси тушунарли, дедим. Атрофга қарасам, ҳеч ким йўқ. Секин чиқиб кетдиму қайтиб бормадим. Яқинда театрнинг 100 йиллигини нишонладик, шу муносабат билан студиямда ҳужжатли фильм тайёрладим. Охирги 10 йилдан буён ана ўшанда илк бор театрга бордим. Шунгача бирор марта театрга қадам қўймадим…

Менимча, театрда артист бўшатилмайди. У умрининг охиригача ҳам роль ўйнаши мумкин. Ёшлик ҳам, мункиллаган чол ҳам саҳнага доим керак-ку! Қолаверса, одам ёши улғаявергани сари ижоди ҳам ўсади, улғаяди.

— Кўпчилик сизни принципиал, қатъий қарашларга эга актёр сифатида таърифлайди. Сизнингча, актёрлик йўлининг қоидалари қандай?

—  Тўғри, чўрткесарлигим бор. Одамнинг юзига тўғрисини айтиб қўя қоламан. Мунофиқлик билан чиқишмайман. Эркак киши шундай бўлиши керак-да ўзи. Аммо принципиал бўлиш бугун ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган ноёб фазилатга айланган.

Асл актёрликнинг биринчи қоидаси — истеъдод! Олий маълумот, меҳнат, маблағ — ҳамма-ҳаммаси бўлиши мумкин, аммо истеъдод бўлмаса ҳеч қачон асл актёр бўлолмайди. Масалан, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Лутфулла Нарзуллаев, Обид Жалилов каби катта-катта актёрларимиз ўқишмаган, уларда Худо берган талант бўлган. Заррача бўлса-да, туғма таланти бор кишидан актёр чиқади.

— Одамзод бир умр бахтга интилиб яшайди. Шу маънода «бахт» тушунчасига қандай таъриф берасиз? Бахтлимисиз?

— Ким учундир бойлик ё амал — бахт, бироқ санъаткорга халқнинг эъзози, ҳурмати етарли. Мен бахтни илк фарзандим, набираларим дунёга келганда туйганман. Ҳаётимдан ё санъатимдан нолимайман: кино, театр, телевидениеда омадим келган — кўп роллар ўйнадим, шунисига ҳам шукр.

Ўзим китоблардан роллар қидираман, яхши асар бўлса, сценарий муаллифига кўрсатаман, муҳокамага қўйдираман. Орасида бири бўлмаса, бошқаси ўтади, кейин ўйнаймиз. Мана шуларнинг ортидан омад ҳам, бахт ҳам келади.

— Бугун санъатда устоз-шогирд анъанаси анча сустлашиб қолгандек. Аслида бунинг мезон ва меъёрлари қандай?

— Ҳақиқий шогирд устозининг бутун хулқ-атворини, юриш-туришини, саҳнадаги ҳолатини, ижодини ўрганиши керак! Устозига содиқ бўлиши, унга ҳеч қачон хиёнат қилмаслиги лозим. «Менга санъатда йўл кўрсатган ҳам, саҳнага биринчи қадамни қўйишни, гапиришни ўргатган ҳам мана шу устозим бўлади» дея тан оладиган шогирд ҳақиқий шогирддир.

— Ўзингиз устозингиз ва шогирдларингиз ҳақида нима дейсиз?

— Ўзбекистон халқ артисти Қудрат Хўжаев устозим бўлган: чин дилдан йўл-йўриқ кўрсатган. Мен ҳам яхши шогирд бўлишга интилганман. Ҳозир кўпчилик мени «устоз-устоз» дейди-ю, назаримда, улар шогирд эмас. Битта  шогирдим бор: Фарҳод Абдуллаев. Фақат уни ҳақиқий шогирдим, деб  айтоламан.

— Тажрибали киноактёр сифатида нима дейсиз, кинофильмларни хусусий ва давлат киноси тарзида ажратиш тўғрими?

— Нотўғри, албатта! Томошабин, аввало, яхши кино кўришни истайди. Хусусийми ёки давлат киностудиясида ишланганми — томошабинга бунинг фарқи йўқ. Мана, ҳозир аксарият ёшлар «Ўзбекфильм» чиқарган киноларга тушмайди. Энди номи чиққан иккитагина актёр ўйнаган хусусий киноларга эса ошиқадилар. Афсуски бугун айрим хусусий киностудиялар мана шунга эътибор қаратиб, кинонинг савияси ҳақида ўйламаяпти ҳам. Савиясиз кинолар томошабин дидини ўлдирмоқда. Томоша залларида фақат мактаб ёки коллеж ўқувчиларини кўрасиз, холос. Авваллари битта спектакль қўйилса, тўрт кунлаб муҳокама қилинарди. Шу тарзда театрда ҳам, кинода ҳам хом-хатала асарлар чиқмасди. Ҳозир ундай муҳокамалар йўқ, тузук-қуруқ сценарий тайёр бўлмасдан кинога олишни бошлаб юборишади.

— Хусусий студия очганингиздан кейин ҳам фаолиятингиз изчил давом этяпти. Иш жараёнида кўпроқ нимага эътибор қаратасиз?

— Биринчидан, «Ўзбеккино» миллий агентлиги билан бирга ишлайман. Иккинчидан, фильмимга четдан келган актёрларни олмайман. Ўзимизнинг театрлардан актёрлар таклиф қиламан. Ҳар ҳолда бизнинг студиямиз Шуҳрат Аббосов, Комил Ёрматов каби устозлардан қолган. Шунга муносиб равишда талабни юқори қўямиз.

— «Чол ва набира» фильми катта аудитория тўплади, ҳақли равишда эътироф этилди. Балки бу фильм ўзимизнинг миллий менталитетни акс эттиргани учундир?

— Аслида барча фильмда миллий менталитет бўлиши керак. Ҳозир Жасур Исҳоқовнинг янги бир сценарийсини танлаб олдик, муҳокамадан ўтса, бу ҳам миллий менталитетни тарғиб қилувчи асарга айланса, ажаб эмас. Миллий ўзлигимизни, халқнинг дилидаги гапларни, ҳақиқий ҳаётни намоён қилувчи нарсалар бўлмаса, бундай фильм узоқ яшамайди.

— Сизнинг-ча, замон қаҳрамони қандай бўлиши керак?

— Ҳозир юртимизда фермерлар ёки бошқа бир соҳада бутун ҳаётини шу ишга бағишлаб, халқ учун, юрт учун меҳнат қилаётганлар жуда кўп. Ана шундай инсонларни, эл-юрт учун жон куйдирувчиларни экранга олиб чиқиш керак. Қаҳрамонлар кўп, лекин буларни яққол кўрсатадиган, экранга олиб чиқадиган асар йўқ. Бундай инсонлар, қаҳрамонлар ҳаётини экранда халқ ҳам жон деб кўради.

— Унвонлар ҳам ижодкорнинг ҳаётига ва ижодига таъсир  ўтказса керак?

— Назаримда, унвону мукофотлар ҳар кимга ҳар хил таъсир қилади. Баъзилар дарров ўзгаради. Кибрга берилади. Бу яхшимас. Албатта, рағбат сизни янада масъулият билан ишлашга ундайди, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон ўзлигини унутмаслиги керак. Манманлик айниқса санъаткорга ярашмайди. Чунки у элнинг одами. Санъаткор қандай унвон олишидан қатъи назар, доимо халқ хизматида. Томошабин бўлмаса, актёрнинг ўйнаган роли кимга керак?! Бизга баҳо берадиган ҳам, кимлигимизни айтадиган ҳам халқ.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА.

“Оила даврасида” газетасидан олинди.