Лола Йўлдошева: “Фаолиятимиз жиддий назорат остига тушиб қолгани таассуфли”

Ўзбекистон шоу-бизнесида таниқли бўлган Лола Йўлдошеванинг айтишича, у лицензиясидан маҳрум бўлгач, соҳада айрим жиҳатларни “ташқаридан” кузатиш имконига эга бўлган. Хонанда бу ҳақида “Редпен” интернет нашрига берган интервьюсида маълум қилган.

— Ҳозир “шоу-бизнес” деб номланган кемада бўлиш имкониятидан маҳрум бўлганимдан сўнг, ташқаридан нима содир бўлаётганини кузата оламан. Фаолиятимиз жиддий назорат остига тушиб қолганидан афсусдаман. Бу қушнинг қанотини қирқишдек гап. Ижодкор одамни қаттиқ назорат қилиб бўлмайди. Шу даражага бориляптики, инстаграмдаги шахсий саҳифа ҳам назорат қилинадиган соҳага айланиб қолмоқда. Шу билан тамом: шахсий суратларингни жойлаш имконидан маҳрумсиз. Эндиликда менинг шахсий ҳаётим концертларни бекор қилиш сабабчиси бўлмоқда, — деди хонанда.

Лекин Лола тушкунликка тушмаётганини, тегишли хулосалар қилаётганини, асосийси – тингловчиларини йўқотмаётганини мамнуният билан эътироф этди.

—Мен тингловчиларимни йўқотмаяпман. Бу муҳимроқ. Мен ўз принципларимга қарши иш қилишни хоҳламайман. Ҳар доим муроса қилишга тайёрман, лекин мен кўна олмайдиган нарсалар бор. Умуман, мен салбий томонларга ўралашиб қолмайман. Ҳар доим одамлар ва вазиятларда ижобий томонларни топаман. Бунинг тескарисини қилсанг, ақлдан озиш мумкин, айниқса бизнинг касбимизда”, — хулоса қилди хонанда.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонанда Юлдашева Лоланинг лизенцияси муддати 2015 йил 14 июлдан тугатилганини маълум қилган эди. Бирлашма матбуот хизматининг ёзишича, бунга хонанда томонидан лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар бузилганлиги сабаб бўлган.

Бирлашманинг лицензиялаш бўлими бошлиғи Одилжон Қаҳҳоровнинг айтишича, Лола охирги пайт хаддан ташқари миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган кийимларни кийиши ва уни яна оммага кўрсатиши, ёшларга реклама қилиб худдики тарғиб қилаётгандек бўлмоқда. Ваҳоланки, бир неча маротаба бирлашма тарафидан у огоҳлантирилганди. Шунга қарамасдан, у қайта такрорлагани ва нафақат кийими, балки ижтимоий тармоқларда қўяётган ўзини суратлари ёшларга шарм-ҳаё, ибо ва уят борасида салбий таъсири кузатилади ва буни унинг изоҳларидаги халқнинг эътирозларидан ҳам кўриш мумкин.

SHARE