Ислом Каримов: Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокараларни қайта тиклаш муҳимдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун 11-12 декабрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди.

ЎзАнинг хабар беришича, ташрифнинг асосий воқеалари 12 декабрь куни бўлиб ўтди.

Президент халқаро конференцияда нутқ сўзлаб, Афғонистон муаммоси ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон раҳбарининг фикрича, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм кенгайиб бораётгани ғоят жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бутун дунё кескин ўзгаришларни бошдан кечирмоқда, халқаро хавфсизлик архитектураси ўзгариб бормоқда.

“Табиатда вакуум, яъни бўшлиқ бўлмайди, деган ҳақиқатни такрорлашга эҳтиёж йўқ, деб ўйлайман, деди давлатимиз раҳбари. Бўшлиқ пайдо бўлган жойда уни, биринчи галда, ҳеч қандай чегара ва чекловларни билмайдиган турли бузғунчи ва босқинчи кучлар эгаллаб олади”, деди у.

Қўшни Афғонистондаги бугунги аҳволни қарама-қарши томонлар – асосан ҳукумат қўшинлари ва толибонлар ўртасидаги низо чўзилиб кетаётгани билан изоҳлаш мумкин. ISAF ҳарбий контингентининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши, шунингдек, ушбу мамлакатни ташқи молиявий қўллаб-қувватлаш камайгани вазиятни янада мураккаблаштирди.

Ислом Каримовнинг фикрича, Афғонистондан хорижий қўшинларнинг олиб чиқилиши оқибатида юзага келган бўшлиқни Яқин Шарқ минтақасидан қочиб чиқаётган босқинчи ва террорчи гуруҳлар эгаллаб олаётгани бу фикрнинг тасдиғидир.

Афғонистондаги вазият қандай кечишидан қатъи назар, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Афғонистон муаммосини фақат бир йўл, яъни ўзаро курашаётган томонлар ўртасида БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш орқали ҳал этишдан бошқа йўл йўқ, деди Ислом Каримов. Ҳукумат ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокараларни қайта тиклаш муҳимдир. Бунда томонлар музокараларга киришишдан олдин бир-бирига ҳеч қандай шарт қўймаслиги керак. Ҳеч бир вазият ёки масала музокараларга тўсиқ эмас, балки муросага эришиш воситаси бўлиши даркор. Бунинг учун қатъий сиёсий иродага эга бўлиш, ўзаро муроса қилиш, бир-бирига ён босиш зарур.

“Муроса, яна бир бор муроса, курашаётган томонларнинг ўзаро бир-бирига ён бериши – Афғонистон муаммосини ҳал қилишнинг ягона йўли мана шу”, деди у.