Тошкент шаҳридаги барча турар ва нотурар жойларда видеокамералар ўрнатилади

Тошкент шаҳрида барча турар ва нотурар жойлар видеокамералар билан жиҳозланади. Бу шаҳар ҳокимининг жорий йил 11 декабрида имзоланган “Тошкент шаҳридаги кўп қаватли турар-жойлар, маҳалла ва мавзеларда видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш ишларини ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида белгилаб берилган.

Мазкур тартиб “кўп қаватли турар-жойларнинг умумфойдаланишдаги муҳандислик тармоқларини, ертўла ва чордоқ қисмларини техник соз ҳолда сақлаш, турли жиноий унсурларнинг ҳаракатларига чек қўйиш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш”га қаратилган.

Пойтахт ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Тошкент шаҳрида мавжуд кўп қаватли турар-жойларга, маҳалла ва мавзеларда ташқи видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш тавсия этилмоқда.

“Видео-кузатув мосламаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш хизмати махсус ташкил этиладиган корхона ва ташкилотлар, Бошқарув сервис компаниялари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан ҳар бир хонадон билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этилади. Бино-иншоотларга ўрнатилган видео-кузатув мосламаларида қайд этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларни хабардор қилиш ва улар сўровига биноан электрон ёзувини тақдим этиш бу хизматни ташкил этувчилар зиммасида бўлади”, дейилади хабарда.

Камераларни жойлаштиришда кўп қаватли уйларнинг кириш-чиқиш ҳудудлари, маҳалла ва мавзеларнинг йўл ва йўлаклари  тўлиқ қамраб олинади. Видео-кузатув мосламаларининг марказлашган кузатув хоналари ҳудуд профилактика нозирлари хизмат хоналарида ташкил қилинади.