Рустам Азимов: “Ўзбекистон ШҲТ доирасида эркин савдо зонасини ташкил қилиш масаласига тайёр эмас”

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги делегация 14-15 декабрь кунлари Чженчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгашининг 14-мажлисида иштирок этди. Рустам Азимов бир қатор масалалар юзасидан Ўзбекистон позициясини маълум қилди. Унинг нутқи “Жаҳон” ахборот агентлиги сайтида эълон қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати ШҲТ доирасида эркин савдо зонасини ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқишга оид таклифни кўриб чиқишга тайёр эмаслигини маълум қилди. “Шу билан бирга, бундан олдин билдирилган баёнотлардан келиб чиқиб, шуни яна бир марта қайд этишни истардикки, Ўзбекистон Республикаси Ташкилотимиз доирасида эркин савдо зонасини ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқишга оид таклифни кўриб чиқишга тайёр эмас. Ваҳоланки, бу йўналишдаги ҳамкорлик давлат раҳбарлари томонидан шу йилнинг июль ойида тасдиқланган ШҲТни 2025 йилга қадар ривожлантириш стратегиясида қайд этилмаган эди”, деди Рустам Азимов.

Ўзбекистон мамлакатлар ўртасида инвестициявий ҳамкорликни тубдан ривожлантириш, устувор соҳаларда ва ҳамкорлик йўналишларида, аввало, юқори технологияли соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш керак, деб ҳисоблайди. Рустам Азимовнинг фикрича, ушбу йўналишда уларда катта салоҳият мавжуд бўлиб, бу тўлақонли ўзлаштирилмаган.

Ўзбекистон бу йўналишда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга кенгроқ урғу бериш керак, деб ҳисоблайди.

 

SHARE