Ўзбекистонда GM Uzbekistan автомобилларининг нархлари оширилди

GM Uzbekistan компанияси ўзи ишлаб чиқараётган бир қатор автомобилларнинг нархларини оширди.

Daryo.uz сайтининг “Ўзавтосаноат”даги манбаси маълум қилишича, янги нархлар 2015 йил 14 декабрь, душанба кунидан амал қилишни бошлаган. Аввалроқ маҳсулот инвентаризацияси учун ёпилган автосалонлар ҳам айнан шу куни очилган.

Хабар беришларича, двигатели ҳажми 0,8 литр бўлган, уч цилиндрли Matiz, двигатели ҳажми 1,5 литр бўлган Nexia SOHC моделлари нархи тушган. Қолган барча моделларнинг нархи ошгани айтилмоқда. Қайд этишларича, нархлар ўртача 30 фоизга ошган.

Шу вақтгача миллий валюта — сўмда сотиб олиш мумкин бўлган 1- ва 2-позиция Spark, Cobalt, Lacetti, Orlando ва Malibu автомобиллари учун тўлов халқаро пластик карточкалар орқали АҚШ долларида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

GM Uzbekistan вакилларининг қайд этишича, нархларнинг ўсиши компания билан имзолаган шартномаси амалда бўлган, автомобиль учун белгиланган тўловнинг 85 фоизини олдиндан тўлаган харидорларга ҳам таъсир қилади.