Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — устувор мақсад

Пойтахтимизда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш — мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг асосий йўналиши: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, К. Аденауэр ҳамда Ф. Эберт номидаги жамғармалар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, ижро ҳамда суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқшунос олимлар жамоатчилиги, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар туфайли инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлигидан келиб чиқадиган, халқаро принцип ҳамда нормаларга асосланган ҳуқуқий пойдевор яратилди. Натижада инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларига доир мустаҳкам қонунчилик тизими шакллантирилди. Муҳими, уларга риоя қилиниши юзасидан мониторинг ҳамда парламент эшитувлари ўтказилаётгани, мавзу бўйича семинарлар ва конференциялар уюштирилаётгани инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш борасидаги фаолият самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларини муҳофаза этишнинг миллий механизми ишлаб чиқилди. Мазкур механизм ижтимоий шериклик асосида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қамраб олаётгани билан эътиборлидир. Бу борада, албатта, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар алоҳида ўрин тутади. Бугун улар давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан мунтазам ҳамкорлик қилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаяпти.

Халқаро экспертлар суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва одил судлов соҳасида инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муҳофазалаш кафолатларини мустаҳкамлаш Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканига алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, мустақилликнинг илк йиллариданоқ Конституциямиз талаблари асосида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ҳамда уни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя эта оладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Натижада ўтган давр мобайнида жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал қонунчилиги жиддий ислоҳ қилиниб, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари таъсиридан чиқарилди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги ўн йиллик декларацияси доирасида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълим тизими яратилган бўлиб, ҳозирги пайтда у юқори самара бераётир. Қатор олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари бўйича махсус кафедралар ташкил қилинган бўлса, таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари” ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ўрганиш бўйича ўқув курслари мавжуд.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасига доир кенг ахборот-маърифий фаолият йўлга қўйилгани халқаро экспертлар диққат-эътиборида бўлди. Масалан, инсон ҳуқуқлари бўйича 120 дан ортиқ асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди. Мамлакатда ҳуқуқни ҳимоя қилиш мавзуси билан боғлиқ 30 га яқин газета ҳамда журналлар мунтазам нашр этилмоқда.

Конференцияда Конституциямизда нодавлат нотижорат ташкилотларига кенг ўрин берилгани ва уларнинг эркин фаолият кўрсатиши кафолатлангани хусусида ҳам батафсил сўз юритилди. Шунга кўра, Ўзбекистонда замонавий демократик нормаларга ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган, нодавлат нотижорат ташкилотлари эркин ривожланиши кафолатини таъминлайдиган қонунчилик, норматив-ҳуқуқий база яратилди.

Ўтган даврда давлат билан фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини тартибга соладиган 10 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Улар орасида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар муҳим ўрин тутади. Чет эллик экспертларнинг фикрича, одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкам қарор топтириш ва уларнинг сиёсий ҳамда фуқаролик фаоллигини оширишда, шунингдек, мамлакатда юз бераётган демократик ўзгаришлар кўламини янада кенгайтириш ҳамда чуқурлаштиришда мазкур ҳужжатларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Шу билан бир қаторда, кейинги даврда қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ННТнинг аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, фуқаролар сиёсий ва ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бошқа масалалардаги роли ҳамда аҳамияти ошди. Буни ҳозирги вақтда Ўзбекистонда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 8200 дан ортиқ ННТ самарали фаолият кўрсатаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Халқаро конференцияда қатнашган хорижлик экспертлар қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимияти органлари фаолиятини демократлаштириш билан боғлиқ ислоҳотларни юқори баҳолади. Айни чоғда улар давлат ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш борасида Ўзбекистон сиёсатининг муҳим йўналишларини қўллаб-қувватлади.

Икки кунлик халқаро конференция доирасида кўрилган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Сўз — халқаро конференция иштирокчиларига

Симона Граната МЕНГИНИ,
Европа Кенгашининг Венеция комиссияси котиби ўринбосари:
— Ўзбекистон қисқа вақт мобайнида жамиятни демократлаштириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялаш борасида юқори натижаларга эришди. Парламентнинг ҳуқуқий мақомини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар унинг жамиятдаги ўрни ва роли кучайишига, қабул қилинаётган қонунларнинг сифати ошишига, ижро этувчи ҳокимият органлари устидан парламент назорати бўйича ваколатлардан фаол фойдаланишга олиб келгани, айниқса, эътирофга лойиқ. Зеро, буларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли муҳофаза қилиш имконини бермоқда. Тадбирда шулар ва бу борадаги халқаро тажриба билан яқиндан танишдик. Албатта, бу ҳар бир иштирокчи учун манфаатли бўлди.

Жеймс ГАМИЛЬТОН,
Европа Кенгашининг Венеция комиссияси эксперти, Прокурорлар халқаро ассоциацияси собиқ президенти:
— Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя этиш кафолатларини янада кучайтириш, ундан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, судьялар фаолияти самарадорлиги ва ҳуқуқий мақомини оширишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ қилинаётганидан яхши хабардормиз. Суднинг жиноий иш қўзғаш ҳамда айблов хулосасини эълон қилиш ваколатлари жиноий-процессуал қонунчиликдан чиқарилиши, судгача ишни кўриб чиқиш босқичида тергов устидан суд назорати кучайтирилиши ҳам диққатга сазовор. Шунга мос равишда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилгани ўрганишга лойиқ амалиётдир.

Томас ПАТЕРСОН,
Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим масалалари бўйича эксперт (Буюк Британия):
— Бундан икки йилча муқаддам Ўзбекистонда бир муддат яшаганман. Шу боис бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда янгиланишларни доимо катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Кейинги даврда кўплаб мамлакатларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари бўйича миллий институтлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу жараён мамлакатингизда жадал давом эттирилаётгани таҳсинга лойиқ. Яъни миллий институтлар аҳолининг сиёсий ҳамда фуқаролик позициясини шакллантиришда фаол қатнашаяпти. Бунга халқаро конференцияда баён этилган маълумотлар асосида тўла ишонч ҳосил қилдим. Айниқса, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш, уларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан амалга оширилган ишлар менда катта таассурот қолдирди. Мазкур тажрибани ўрганиш ривожланган давлатлар учун ҳам фойдадан холи эмас.

Брюс Алам АДАМСОН,
Шотландиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси маслаҳатчиси:
— Юртингизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар пировардида инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг эркин ишлаши ва яшаши учун муносиб шарт-шароит ҳамда қулайликлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мамлакатнинг қисқа тарихи давомида 16 та кодекс ва 700 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилгани ҳамда парламент томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро шартномалар ратификация қилингани бунинг яққол далили бўла олади.
Қисқача айтганда, мамлакатингизда инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларига доир мустаҳкам қонунчилик тизими яратилди. Эътиборлиси, халқаро конвенцияларга риоя қилиниши юзасидан парламент назорати йўлга қўйилган. Бу инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Халқаро конференцияда шу ва бошқа янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот олдик.

Танг ЙИНГКСИА,
Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой кенгаши аъзоси, Нанкай университети юридик факультетининг халқаро ҳуқуқ кафедраси доценти:
— Президент Ислом Каримов томонидан тақдим этилган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари ҳамда уларнинг аҳамияти ҳақида етарлича бохабарман. Ушбу халқаро конференцияга келишдан олдин “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар мазмун-моҳияти билан атрофлича танишдим. Бу қонунлар фуқаролар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини оширишда айни муддаодир. Шу маънода, ўтказилган икки кунлик халқаро конференция иштирокчилар учун тажриба мактаби вазифасини ўтади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

SHARE