Тошкент шаҳрида фуқароларни қайд этувчи “Уй дафтари” жорий қилинади

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига биноан, барча маҳалла ва кўп хонадонли уйларда “Уй дафтари” жорий қилинади. Қарор ҳокимлик сайтида эълон қилинган.

“Тошкент шаҳрида жойлашган, мулкчилик шаклидан қатъи назар, турар жой объектидаги хонадонда рўйхатга олинган шахсларни қайд этувчи “Уй дафтари” жорий этилсин”, — дейилади қарорда.

Яна қарорда “Уй дафтари”ни юритиш тартиб қоидаларини ишлаб чиқиш ва аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига топширилиши айтилган.

Ушбу чорлар Тошкентда аҳолини доимий ва вақтинча рўйхатга олиш жараёнини тартибга солиш имконини беради.

Фуқароларни доимий пропискага қўйиш ёки вақтинчалик рўйхатга олиш, турар жойларда аҳоли ҳисобини таҳлил қилиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини ва милиция таянч пунктларида янги штат бирлиги ташкил қилинади.

SHARE