Нуқтаи назар: Ўзбекистон нега ШҲТ эркин савдо ҳудудига қўшилишга рози бўлмади?

Маълумки, шу йилнинг 14-15 декабрь кунлари Чженчжоу шаҳрида (Хитой) Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгашининг 14-мажлиси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов Ўзбекистон ҳукумати ШҲТ доирасида эркин савдо зонасини ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқишга оид таклифни кўриб чиқишга тайёр эмаслигини маълум қилди.

“Бундан олдин билдирилган баёнотлардан келиб чиқиб, шуни яна бир марта қайд этишни истардикки, Ўзбекистон Республикаси Ташкилотимиз доирасида эркин савдо зонасини ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқишга оид таклифни кўриб чиқишга тайёр эмас. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик давлат раҳбарлари томонидан шу йилнинг июль ойида тасдиқланган ШҲТни 2025 йилга қадар ривожлантириш стратегиясида қайд этилмаган эди”, деди Рустам Азимов.

Аввало, ШҲТ доирасида таклиф этилаётган Эркин савдо ҳудуди хусусида айрим маълумотларни келтириб ўтиш лозим. Ушбу ташаббус Хитой томонидан илгари сурилган бўлиб, Эркин савдо зонаси 2020 йилда ишга тушиши керак эди. Бунда товар, капитал, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишига шароит яратилиши лозим.

Хўш, Ўзбекистон ушбу таклифга нега рози бўлмади?

Биринчидан, агар оммавий ахборот воситаларида Эркин савдо ҳудуди ҳақидаги ахборотларни таҳлил қиладиган бўлсак, Хитой ҳукумати раҳбари Ли Кэцян ушбу таклифни “тўсатдан” ўртага ташлаган ва бу таклиф дипломатик каналлар орқали муҳокама қилинмаган. Лекин Рустам Азимовнинг Ўзбекистон позициясини қатъий билдиришидан бундай “тузилмалар” бўйича Ўзбекистон раҳбарияти аниқ хулосага эга эканлигини кўриш мумкин.

Иккинчидан, МДҲ давлатлари институти директори ўринбосари Владимир Жарихиннинг айтишича, Ўзбекистон ўз вақтида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидан чиқиб кетди. “Бу мамлакат президентининг сиёсати. У Ғарб ва Шарқ ўртасида мувозанатнинг сақланиши ёлғиз ШҲТ билан ҳамкорликдан кўра манфаатли, деб билади. Бу унинг танлови”, — дейди Жарихин. Унинг фикрича, Ўзбекистон бугунда бир томондан, Россия ва Хитой, бошқа томондан эса АҚШ бошчилигида юзага келаётган иттифоқлар билан бир хил масофа сақлашга интилмоқда ва бетараф бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, эксперт Ўзбекистон, ташаббусдан бош тортганига қарамай, ташкилот доирасидаги давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини тан олди.

Учинчидан, Жарихин гарчи Ўзбекистоннинг бош тортишини иқтисодий эмас, балки сиёсий мақсад билан боғлаган бўлса-да, Ўзбекистон иқтисодий сабаблар туфайли ҳам ШҲТ доирасида Эркин савдо зонасига қўшилишдан бўйин тортган бўлиши мумкин. Негаки, ШҲТга аъзо мамлакатлардан 4 таси (Хитой, Россия, Қирғизистон ва Тожикистон) Жаҳон савдо ташкилотига аъзо. Қозоғистон эса бу борада  музокараларни якунлади. Ўзбекистон эса бу борада бирмунча орқада эканлигини оладиган бўлсак, товарлар, инвестициялар, хизматлар ва капиталнинг эркин ҳаракати Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки мамлакатнинг асосий экспорт корхоналари халқаро миқёсда рақобатга тайёр, деб бўлмайди. Шу билан бирга, ички бозорга Хитой товарлари ва иш кучи ҳаддан ташқари кўп кириб келиши иқтисодий хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоланиши мумкин.

Ўзбекистон Хитой инвестициясини фаол ўзлаштираётган бўлса-да, буни асосан инфратузилма соҳаларида амалга оширмоқда. Истеъмол ва меҳнат бозорини Хитой таъсиридан ҳимоялашга уринмоқда.

Мурод ҒОФУРОВ

SHARE