Абдулазиз Комилов Қозоғистонда Федерика Могерини билан учрашди

Шу йилнинг 21 декабрь куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” минтақалараро учрашувида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини билан икки томонлама музокаралар ўтказди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар тарқатишича, музокаралар чоғида “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” муносабатларининг ҳолати ва истиқболлари, олий ва юқори даражаларда эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни ҳамда турли соҳалардаги минтақалараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, якунланаётган йилда 1996 йилда имзоланган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга биноан ташкил қилинган деярли барча қўшма институтларнинг мажлислари бўлиб ўтди. Бу сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш икки томон учун ҳам зарур эканлигидан далолат беради.

Учрашувда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг айрим мавзулари юзасидан ҳам фикр алмашилди.