Элчи Бахтиёр Ғуломов виргиниялик ишбилармонлар ва маҳаллий амалдорлар билан музокара ўтказди

Шу йилнинг 15 декабрь куни Америка — Ўзбекистон савдо палатаси Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ричмондда (Виржиния) давра суҳбати ўтказди. Тадбирда Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ғуломов ҳам иштирок этди. Тадбирга Виргиния қишлоқ хўжалиги ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш департаменти мезмонлик қилди.

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси тарқатган хабарда айтилишича, ушбу тадбир Америка компаниялари учун Ўзбекистон макроиқтисодий салоҳияти ва савдо ҳамда инвестиция имкониятларини тарғиб қилиш бўйича Элчи томонидан 2013 йилда илгари сурилган ташаббуснинг таркибий қисми ҳисобланади. Ушбу ташаббус ҳамкори сифатида Америка — Ўзбекистон савдо палатаси  Калифорния, Иллинойс, Кентуки, Массачусетс, Невада, Нью-Жерси, Пенсильвания, Техас, Вашингтон ҳамда Висконсинда бундай тадбирларни муваффақиятли ўтказди.

Элчи Бахтиёр Ғуломов тадбирда Ўзбекистонда барқарор ўсиш суръатларига эришилаётгани ҳамда яқинда ҳукумат томонидан маҳаллий саноат корхоналарини кенг кўламли хусусийлаштириш дастури рўёбга чиқарилаётгани хусусида батафсил сўзлаб берди. Элчи, шунингдек, Ўзбекистон ва Виргиниядаги таълим муассасалари ҳамкорлигининг ривожланишига умид билдирди. Ўзбекистондаги қўшма корхоналар учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда  касбий маҳорат ва тажриба алмашиш дастурларининг аҳамияти катта эканлигини қайд этди.

Тадбир қатнашчилари Ўзбекистоннинг географик жойлашуви, сув ресурсларини бошқаришдаги аҳамиятини қайд этишиб, икки мамлакат бизнес мактаблари ўртасида таълим ҳамкорлигини ривожлантиришга катта қизиқиш билдиришди. Барча тарафлар савдо ва инвестициявий ҳамкорликнинг янада ривожланишига умид билдиришди.