Ўзбекистон ва Россия меҳнат мигрантлари фаолиятини тартибга солиш бўйича битим лойиҳасини ишлаб чиқди

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги фуқароларнинг Россияда уюшган ҳолда қонуний меҳнат қилиш ҳақидаги шартнома ишлаб чиқиб, уни дипломатик каналлар орқали Россия ҳукуматига топширди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизматига таяниб, Sputnik агентлиги хабар тарқатди.

“Ўзбекистон фуқароларни Россия Федерациясида ижтимоий ва ҳуқуқий кафолатлар билан ишга ёллаш ҳақидаги давлатлараро шартноманинг қайта ишланган лойиҳаси Россия томонига дипломатик каналлар орқали юборилди”, — дейилган вазирлик хабарида.

Россия Федерал миграция хизмати тақдим этган статистик маълумотларга қараганда, 2015 йилнинг апрель ойида ушбу мамлакатда 2 104 100 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари 2015 йилда Ўзбекистон фуқароларининг Россияда ишлашини ташкил этиш бўйича битим устида иш олиб боришга келишиб олган эди. Икки мамлакатнинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси тегишли идораларга 2015 йил охирига қадар Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилиш ва ёллашни ташкил қилиш тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича таклифлар билан алмашишни топширган.

“Бундай битим Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан боғлиқ бўлган тангликни юмшатиши мумкин”, деб қайд этган эди Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Козак.

Томонлар 2015 йилнинг биринчи чорагида меҳнат миграциясининг долзарб масалалари, жумладан, тезкор ахборот алмашиш, ушбу соҳада ўзаро ваколатхоналарни очиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказишга келишиб олишган.