Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари Россия бозорининг қарийб 10 фоизини эгалламоқчи

2016 йилда “ЎзАгроИмпорт” компанияси Россия, Беларусь ва Қозоғистонга 2 миллион тонна маҳсулот (сабзавот, мева, қуруқ мевалар ва компот аралашмалари, ёнғоқлар) етказиб беришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россияга бевосита импорт қилиш билан шуғулланувчи “ЎзАгроИмпорт” компанияси Москвада жорий йилнинг июнида рўйхатдан ўтган.

Компания тарқатган хабарда айтилишича, 2014 йилда Россияда 24,1 миллион тонна табиий мева ва сабзавот маҳсулотлари реализация қилинган. Шундай қилган ҳолда “ЎзАгроИмпорт” компанияси Россия бозорининг 8 фоизини эгаллашни ният қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов 2014 йилда Россия Ўзбекистон мева ва сабзавотларини Қозоғистон орқали импорт қилишдан воз кечиб, Ўзбекистондан тўғридан-тўғри импортни йўлга қўйиши лозимлигини таъкидлаган эди. “Бизнинг Қозоғистонга экспорт қилаётган мева-сабзавотларимиз жорий йилда 10 фоизга кўпайди, аммо Россияга экспортимиз шунча миқдорда пасайди. Бу Божхона иттифоқи аъзолари эга бўлган божхона имтиёзларига эга эмаслиги сабабли юз бермоқда”, деди Азимов.

Унинг сўзларига кўра, бу савдода шаффоф бўлмаган, “яширин” схемаларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Чунки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Божхона иттифоқига аъзо мамлакатларнинг биттасига олиб кирилади ва у ердан ушбу мамлакат маркаси остида реэкспорт қилинади.

“Россия билан мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри импортни йўлга қўйиш мумкин. Бунинг учун ушбу маҳсулотларни етказиб бериш учун тарифларда преференциялар бериладиган бўлса, реэкспорт четга чиқариб юборилади”, деди Ўзбекистон ҳукумати аъзоси.

Расмий маълумотларга кўра, 2015 йилда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 15,5 млн тоннани ташкил қилди.

SHARE