АҚШ Ўзбекистон билан “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши курашиш бўйича халқаро коалицияга қўшилиш борасида музокара олиб бормоқда

Америка Қўшма Штатлари расмий Тошкент билан “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши курашиш бўйича халқаро коалицияга Ўзбекистоннинг қўшилиши юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақида АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэл Розенблюм минтақа журналистлари билан мулоқотда маълум қилган.

АҚШ Давлат департаменти вакилининг қайд этишича, коалицияга қўшилиш бўйича барча мамлакатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам таклиф киритилган. “Биз бу масалада Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан мулоқотларни давом эттирамиз”, деди у.

Розенблюмнинг айтишича, коалицияда ҳар бир мамлакатнинг роли турли шаклда бўлиши мумкин.  Ҳарбий кўмак, Сурия ёки Ироққа отланаётган жангарилар оқимини тўхтатиш, шунингдек, “Ислом давлати” террористик ташкилотини қўллаб-қувватлаш учун берилаётган молиявий маблағларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш шулар жумласидандир. “Бу жараёнда ҳар бир давлатнинг ўзи роли бор, биз Ўзбекистон қандай вазифани бажаришини муҳокама қиламиз”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терроризмга қарши курашишда халқаро ҳамкорликка чақириб келса-да, “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши курашиш бўйича халқаро коалицияга борасида аниқ бир позициясини маълум қилмаган.