“Ўзбекнаво” хонанда Лола Йўлдошеванинг лицензиясини қайтариб берди

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонанда Лола Йўлдошеванинг лицензиясини қайтариб берди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси директори Фарход Жўраев матбуот анжуманида ушбу хабарни тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, Лола Йўлдошева ўз хатосини тушуниб етган ва уни тўғирлаган. “Айни пайтда у концерт ўтказиши мумкин”, деди “Ўзбекнаво” раҳбари.

“Ҳар бир ижрочи мухлислар олдида жавобгар бўлиши керак”, – дея муносабат билдириб ўтди Фарход Жўраев.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 14 июлда Йўлдошева Лола томонидан Лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар бузилганлиги сабабли хонанда номига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугатилган эди. Бунда хонанданинг ижтимоий тармоқлардаги хулқи ҳам асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилган эди.