Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича битим имзолайди

Ўзбекистон ва Россия Ўзбекистон фуқароларининг РФ ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уларни уюшган ҳолда ишга ёллаш тўғрисида ҳукуматлараро битим лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақида Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденевга таяниб, UzDaily.uz сайти хабар тарқатди.

“Битим мамлакатимизга ишлаш ниятида ташриф буюрадиган Ўзбекистон фуқароларнинг Россияда бўлиш тартибини янада осонлаштиради”, деди элчи.

Унинг айтишича, Россия миграция қонунчилиги мунтазам такомиллаштириб борилаётир. Қарийб бир йилдирки, Россия ҳудудида меҳнат қилиш учун хорижлик фуқароларни жалб қилишнинг янги тартиби амал қилмоқда. Унинг мазмуни шундан иборатки, Россияга визасиз ташриф буюрганлар ишлаш учун махсус патентни олишлари лозим.

Шу билан бирга, 2015 йилнинг январидан Россия ҳудудига киришни тақиқлаш механизми ҳам амал қилади. Унга кўра, агар фуқаро Россияда бўлишнинг максимал муддати — 120 кунлик муддатни бузса, унга уч йилгача тақиқ қўйилиши мумкин. Агар бу 270 кундан ошиб кетса, ушбу муддат 5 йилга чўзилиши мумкин. Агар фуқаро бир йил давомида Россия ҳудудида ноқонуний бўлса, унда 10 йилгача ушбу мамлакатга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.

“Мамлакатимиз хорижлик меҳнаткашлар учун жозибали бўлиб қолмоқда. Россия федерал миграция хизмати маълумотларига кўра, шу йилнинг ноябрь ойида Россия ҳудудида 1,9 миллион ўзбекистонлик мавжуд”, деди элчи.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги фуқароларнинг Россияда уюшган ҳолда қонуний меҳнат қилиш ҳақидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиб, уни дипломатик каналлар орқали Россия ҳукуматига топширга эди. “Ўзбекистон фуқароларни Россия Федерациясида ижтимоий ва ҳуқуқий кафолатлар билан ишга ёллаш ҳақидаги давлатлараро шартноманинг қайта ишланган лойиҳаси Россия томонига дипломатик каналлар орқали юборилди”, — дейилган вазирлик хабарида.

Экспертларнинг фикрича, битимда меҳнат мигрантларининг ижтимоий муҳофазаси, тиббий суғуртаси, шунингдек, пенсия таъминоти масалалари ўз аксини топади.