Ўзбек сўмининг долларга нисбатан расмий курси 2015 йилда 16 фоизга қадрсизланди

Ўзбекистон миллий валютаси — сўмнинг расмий курси 2015 йилда долларга нисбатан 15,99 фоизга қадрсизланди. Марказий банк томонидан 2015 йил бошида ўрнатилган курс 2422,4 сўм бўлиб, бу йил охирига келиб, бу 387,58 сўмга қимматлашди. Натижада бир АҚШ доллари 2809,98 сўмдан баҳоланди.

Ваҳоланки, 2014 йилда бу кўрсаткич 9,9 фоизни ташкил қилган эди. Ўтган йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, сўмнинг девальвацияси жадаллашиб, ойига 1 —2 фоизни ташкил қилди.

Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, 2015 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти, ҳукумат кутаётган даражада 8 фоиз эмас, балки 6,8 фоиз ўсади.

Инфляция кўрсаткичи бир оз пасайиши ва кутилган 9,7 фоиз ўрнига 9,2 фоиз бўлиши мумкин. Жорий операциялар сальдоси 2015—2016 йилларда мос равишда 0,2-0,3 фоиз бўлади. Бу кўрсаткич 2014 йилда 1,7 фоиз бўлган эди.

Жамғарма таҳлилчиларининг фикрича, Россиядан пул ўтказмалари камайиши натижасида миллий валюта курси пасайишига жиддий инфляция босимига олиб келса, ҳукумат пул-кредит соҳасини тартибга солиш учун қатъий чоралар кўриши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, дунёнинг аксарият ривожланаётган мамлакатларида миллий валюталар кескин қадрсизланди. Масалан, Туркияда лира 24,3 фоизга қадрсизланди. Озарбойжонда эса бир доллар йил бошида 0,78 манатдан йил охирига 1,55 манатга — қарийб бир баравар қимматлади. Россияда эса бир доллар 56 рублдан 73 рублга қимматлади. Қозоғистонда ҳам бу кўрсаткич 182,35 тенгедан 339,47 тенгени ташкил қилди.

SHARE