«Ўзбекнаво» Лолага Тамиланинг «беҳаёлигини қўллаб-қувватлашни қатъиян ман қилади»

«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси яқин вақт ичида хонанда Тамиланинг интернетда тарқалган номақбул видеоси юзасидан катта йиғилиш ўтказади. Бу ҳақида бирлашманинг лицензия бўлими бошлиғи Одил Абдуқаҳҳоров «Даракчи» газетасига маълум қилди.

Dаryo.uz сайтининг ёзишича, Одил Абдуқаҳҳоров санъаткорларнинг маънавиятини ошириш бўйича махсус чоралар кўриш шартлигини айтиб ўтган.

“Яна бир ҳолат: Instagram’да хонандалар Лола (Йўлдошева) ва Азиза Низомова ҳамкасби (Тамила)нинг хатти-ҳаракатини қўллаб-қувватлаяпти. Бу уят-ку! Тамилани тартибга чақириш ўрнига, аксинча, тарафкашлик қилишяпти”, — дейди “Ўзбекнаво” вакили.

“Яқин кунларда шу масала юзасидан катта йиғилиш ўтказишни режалаштирганмиз. Унда нафақат бу икки хонанда, балки бошқа санъаткорлар иштироки ҳам кўзда тутилган. Уларга бундай беҳаёликни қўллаб-қувватлашни қатъиян ман қиламиз”, — деди Одил Абдуқаҳҳоров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тамила иштирокидаги номаъқул видео интернетда тарқалиб кетган, шундан сўнг хонанда Лола Йўлдошева унинг тарафини олиб, Instagram’даги саҳифасида пост қолдирганди.

SHARE