Берлинда Алишер Навоий ижодий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

Германиядаги йирик илмий-маданий марказлардан бири — Берлин давлат кутубхонасида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишлаб, “Алишер Навоий ва унинг жаҳон адабиёти ҳамда маданиятига қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.

Ушбу тадбир мамлакатимизнинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси томонидан Гумбольдт номидаги Берлин университети, Берлин эркин университети ва Берлин давлат кутубхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Германиянинг юздан зиёд расмий, ижтимоий-маданий, илмий-академик, экспертлар ва маданий доиралари вакиллари, журналистлар ҳамда Ўзбекистон, АҚШ, Франция, Венгрия, ХХР сингари давлатлардан шарқшунос олимлар, навоийшунослар қатнашди.

Анжуманда Алишер Навоий ижодини ҳамда Марказий Осиё халқлари маданияти ва санъатини ўрганувчи америкалик, европалик ва ўзбекистонлик таниқли олимларнинг илмий маърузалари тингланди. Уч йўналишдаги чиқишларга оид йиғилишлар доирасидаги илмий маърузалар чоғида буюк бобокалонимиз ижодининг турли қирралари ҳамда Ўрта аср Мовароуннаҳрида илмий фикр ва маданият ривожланишининг ўзига хос жиҳатлари очиб берилди.

Конференцияда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, навоийшунос олимлар Шуҳрат Сирожиддинов ва Афтондил Эркинов, Берлин давлат кутубхонаси бош директори Барбара Шнайдер-Кемпф, Гумбольдт номидаги Берлин университети профессори Ингеборг Бальдауф, Берлин эркин университети профессорлари Элизабета Рагагнин ва Барбара Келлнер-Хайнкеле, Калифорния университети профессори Марк Тутон, Будапешт университети профессори Бенедек Пери ва бошқалар улуғ бобокалонимиз жаҳон адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшганини таъкидладилар. Улар ҳазрат Навоийнинг номи Ҳомер ва Данте, Шекспир ҳамда Гёте, Бальзак ва Пушкин, Низомий ҳамда Жомий каби буюк мутафаккирларнинг номлари билан бир қаторда туришини қайд этишди.

Маърузачилар Навоий ижоди ўзбек ҳамда туркий халқлар адабиёти тараққиётига улкан таъсир кўрсатганини эътироф этишди. Шоирнинг ижодий мероси қарийб 30 та шеърий тўпламда, йирик достонлар, насрий ва илмий  асарларда ўз ифодасини топган. Илк маротаба туркий тилда битилган “Хамса” (Беш достон) асари Мовароуннаҳр адабий анъаналарида янги даврни бошлаб берди.

Шунингдек, сўзга чиққан олимлар Алишер Навоий нафақат буюк шоир ва мутафаккир, балки Темурийлар даврининг йирик давлат арбоби бўлганини ҳам тилга олдилар. Буюк шоир Хуросон ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган.

Алишер Навоий маънавий хазинаси ўзбек халқининг улкан илмий-маданий бойлиги эканлиги Ўзбекистон вакилларининг чиқишларида таъкидланди. Шу ўринда, Навоий ҳамда ўзбек заминида яшаб ижод қилган бошқа буюк аллома ва мутафаккирлар меросини асраб-авайлашга ҳамда ўрганишга Президент Ислом Каримов томонидан катта эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1991 йил юртимизда “Алишер Навоий йили”, деб эълон қилинганди. Мустақил ривожланиш йиллари давомида мамлакатимизда шоирнинг йигирма жилддан иборат тўла асарлари тўплами нашр қилинди, республикада ҳамда хорижий давлатларда буюк шоирга эҳтиром рамзи сифатида улуғвор ҳайкаллар қад ростлади.

Конференция доирасидаги мунозаралар ва ўзаро мулоқотлар чоғида Алишер Навоий ижоди ўзбек тилининг бутун гўзаллигини, унинг бойлиги ҳамда назокатини дунёга очиб бергани ва у қолдирган мерос жаҳонда ҳамон катта қизиқиш уйғотаётгани юзасидан тадбир иштирокчилари якдил фикр билдирдилар.

Шуниси ҳам диққатга сазоворки, ҳозирги пайтда Берлин давлат кутубхонасида алломанинг 30 га яқин турли асарлари қўлёзмалари сақланмоқда. Навоий ижодидаги чуқур фалсафа, поэтик образлар турфа хиллиги адабиёт мухлисларини ўзига жалб этаётир. Мухтасар айтганда, Навоий феномени Ўрта асрлар Шарқидаги ўзбек халқи ҳамда бошқа халқлар маданияти ва маънавий ҳаётининг равнақи ҳамда гуллаб-яшнашининг тажассумидир.

Берлин давлат кутубхонасидаги мазкур анжуман доирасида Алишер Навоий ижоди ҳамда Темурийлар даври маданияти ва санъати, шунингдек, Ўзбекистоннинг замонавий маънавий-маданий ҳаётининг турли қирраларини очиб берадиган китоблар ва Ўрта аср қадимги қўлёзмаларининг катта кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан Берлин давлат кутубхонаси фондига Навоий асарларининг тўла тўплами ҳамда бошқа ўзбек ижодкорларининг асарлари тақдим қилинди.

2954

Тадбирдан олган таассуротларини ўртоқлашар экан, Берлин эркин университети профессори Клаус-Питер Хаазе Навоийнинг ижодий меросига бағишланган мазкур халқаро конференция Германия пойтахтининг илмий ва маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлганини таъкидлади. Немис олими дунёдаги йирик маданий марказлардан бири сифатида Ўзбекистон ўзининг буюк аждодлари — шоирлари, олимлари, рассомлари ва давлат арбобларини беҳад эъзозлашини юқори баҳолади.

— Шуни қайд этиш жоизки, Алишер Навоийнинг жаҳон адабиёти равнақига қўшган ҳиссаси маданиятлараро ҳамкорликнинг ёрқин мисоли ҳисобланади, — деди олим. — Ахир унинг ижодида Шарқнинг барча мавзу ва адабий анъаналари ўз ифодасини топган. Ишончим комилки, бугунги халқаро анжуман буюк ўзбек шоирининг ижодий мероси жаҳонда янада оммалашувига хизмат қилади.

Берлин эркин университети профессори Элизабета Рагагнин ҳам ушбу тадбир сўнгги 15 йил давомида Европада Навоий ижодига бағишланган энг нуфузли илмий анжуман бўлганини билдирди. Экспертнинг айтишича, мазкур форум буюк шоир ва мутафаккир фаолияти юзасидан фикр алмашиш ва уларни баҳолаш имкониятини яратгани билан бирга, Навоийнинг улкан маънавий-маданий меросини ўрганиш соҳасидаги халқаро илмий алмашувларга янги туртки ҳам берди.

— Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган бугунги конференциядан катта маънавий озуқа олдим, — деди Гумбольдт номидаги Берлин университети профессори Ингеборг Бальдауф. — Анжуман қатнашчилари шоир ижоди ҳақидаги ўз фикрларини баён этганлари баробарида, ўзбек маданиятининг ранг-баранглигидан ҳам баҳраманд бўлдилар.

Бундай форумларнинг ўтказилиши ўзаро ҳамкорликда жаҳондаги илмий ва маданий мероснинг авлодлардан авлодларга ўтишига ҳисса қўшишга, Ўзбекистон, Европа, Осиё ва Америка олимлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Ўзбек касбдошларимиз билан ҳамкорлигимиз давом этишига ва янада ривожланишига умид қиламиз.

Францияда Темурийлар тарихи ва санъатини  ўрганиш ассоциацияси раиси Фредерик Брессан буюк шоир ва мутафаккирнинг Темурийлар даври маънавий ҳаётида тутган ўрни жуда катта эканлигига эътибор қаратди. Доно сиёсий арбоб ва олим сифатида у дунё адабиёти, илм-фани ва санъати тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшди.

Ф. Брессаннинг фикрича, Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ёшлар тарбиясида, халқлар ўртасида дўстлик, тинчлик, муҳаббат ва толерантлик  ғояларини илгари суриш учун маънавий манба бўлиб хизмат қилади. Чунки у ўз асарларида ана шундай эзгуликларни тараннум этган.— Шунинг учун ҳам Навоийнинг ижодий мероси бутун инсониятнинг бойлиги бўлиб қолди, — деди у. — Асрлар ўтган бўлишига қарамасдан, унинг ижоди кўпгина халқларнинг хотирасидан жой олган ва бугунги кунгача барчамизга илҳом бахш этиб келади.

Ўз навбатида, Ф. Брессан ўзбек халқининг ноёб тарихий-маданий меросини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб этишга Ўзбекистон раҳбарияти томонидан йўналтирилган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.

Таниқли немис олими Барбара Келлнер-Хайнкеле мазкур халқаро тадбир навоийшунос олимлар иштирокида юқори даражада ташкил этилганини айтди. Унинг фикр билдиришича, тақдим қилинган маърузалар, жумладан, ўзбекистонлик олимларнинг чиқишлари ахборотларга бой ва жуда мазмунли бўлди. Тақдимотлар чоғида Навоий ижодининг турли қирралари юзасидан қатор янги фикр-мулоҳазалар, баҳолар ва қарашлар билдирилди.

Калифорния университети (АҚШ) профессори Марк Тутон бир неча йиллардан буён Алишер Навоийнинг ижодий меросини ўрганиш билан шуғулланаётганини маълум қилди. У ўзининг 2014 йили ёқлаган докторлик диссертациясида Алишер Навоийнинг “Хамса”сини ўрта асрлардаги бошқа муаллифларнинг турдош асарлари билан қиёсий таҳлил қилганини айтди. “Шоир ижодини ўрганишни бошлабоқ, унинг нақадар буюк даҳо эканлигини англадим”, дея таъкидлади америкалик олим.

Шуниси ҳам диққатга сазоворки, конференция чоғида М. Тутон ўзбек тилини қай даражада яхши билишини ҳам намоён қилди. У илмий-тадқиқот ишлари билан Ўзбекистонда ўтказган йилларини илиқ сўзлар билан ёдга олди.

Ўзбекистон Миллий университети профессори Афтондил Эркинов билдирганидек, Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган халқаро конференциянинг Германия пойтахтида ўтказилиши жаҳон адабиёти ва маданияти равнақига бебаҳо ҳисса қўшган буюк бобокалонимиз ижодига нисбатан ўарбда катта эътибор мавжудлигидан далолат беради.

— Берлиндаги ушбу конференция чоғида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ўзбек халқининг бебаҳо маънавий ва маданий меросини қайта тиклаш ҳамда асраб-авайлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан АҚШ, Европа ва Осиёдан келган ҳамкасбларимиздан кўп ижобий фикрларни эшитдик, — деди ўзбек олими.

Халқаро анжуман буюк шоир ғазаллари куйланган “Мақом кечаси” маданий дастури билан якунланди. Ўзбекистон элчихонаси биносида ўтказилган мазкур тадбирда икки юз нафардан зиёд адабиёт ва санъат ихлосмандлари қатнашди.

Немис санъатшунос олими, доктор Ангелика Юнг кеча иштирокчиларини кўп асрлик ўзбек мумтоз мақомчилик санъати анъаналари билан таништирди. Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева ижросидаги мумтоз ашулалар эса кечага алоҳида шукуҳ ва мазмун бағишлади.

Бўлиб ўтган халқаро форум немис оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини ўзига тортди — бу ҳақдаги хабар ва мақолалар ўндан зиёд электрон нашрларнинг саҳифаларида атрофлича ёритилди.

 

«Жаҳон» АА.

Берлин

SHARE