Ўзбекистоннинг футзал бўйича терма жамоаси Осиё чемпионати кумуш медаллари соҳиби бўлди

21 февраль куни Футзал бўйича Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионати финал учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, ярим финалда Таиланда терма жамоасини пенальтилар сериясида мағлубиятга учратиб, финалга йўл олган Ўзбекистон терма жамоасига турнирнинг сўнгги учрашувида Осиёнинг 10 карра чемпиони – Эрон рақиб бўлди.

Турнирдаги энг кучли жамоага қарши ўйинни Хосе Мария Мендез бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси муносиб тарзда ўтказди. Ўйиннинг 6-дақиқасида Дилшод Ирсалиев Эрон жамоаси дарвозасини ишғол қилди. Бу Эрон терма жамоасининг ушбу турнирда илк бора биринчи бўлиб гол ўтказиб юбориши эди. Ўзбекистон терма жамоаси киритган голдан уч дақиқа ўтиб, Қудрат Баҳодиров узоқ масофадан кучли зарба йўллаб, дарвозани аниқ нишонга олди.

Ўйиннинг 14-дақиқасида Эрон терма жамоаси стандарт вазиятни тезкорлик билан амалга ошириб, уни гол билан якунлашни уддасидан чиқди. Голга Кешоварз муаллифлик қилди.

Иккинчи бўлим Ўзбекистон терма жамоаси устунлигида ўтди. Кўплаб кучли зарбалар бартараф этилди. Ўйин сўнггида Ўзбекистон Ўйновчи дарвозабонни тушириб, яна кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтирган бўлса-да, ҳисоб ўзгармай қолаверди – 1:2.

Шу тариқа Эрон терма жамоаси футзал бўйича Осиёнинг 11 карра чемпионларига айланди. Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг кумуш медаллари соҳиби бўлди.