Россиялик олимлар Амир Темурнинг энг яхши ўн икки саркардаси ҳақида тарихий рисолалар чоп этишади

Россиянинг Новосибирск давлат университети (НДУ) мутахассислари жаҳон тарихида илк бор буюк Амир Темурнинг энг яхши 12 саркардаси ҳарбий таржимаи ҳолини тиклади. Бу ҳақда НДУ гуманитар тадқиқотлар лабораторияси етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Леонид Бобровнинг «ТАСС» ахборот агентлигига берган маълумотлари асосида Dаryo.uz хабар тарқатди.

“Тарихан шундай шаклланганки, жаҳон фанида нафақат асосий истилочи — Наполеон ёки Чингизхон кабиларнинг шахси, балки уларнинг лашкарбошилари таржимаи ҳоллари ҳам ўрганилади. Наполеоннинг маршаллари, Чингизхоннинг ҳарбий қўмондонларига бағишланган юзлаб илмий ишлар бор. Бироқ осиёлик энг ёрқин қўмондон ҳисобланган Амир Темурнинг саркардалари ҳақида бирорта илмий иш тайёрланмаган”, — деди агентлик суҳбатдоши.

Бобровнинг сўзларига кўра, бу каби илмий ишларнинг йўқлигига, катта эҳтимол билан, аксарият ғалабаларга шахсан ўзи эришган Темурнинг ҳарбий даҳоси унинг барча сафдошлари муваффақиятларини соя остида қолдиргани сабаб бўлиши мумкин. Масалан, Темурдан фарқли ўлароқ, Чингизхон биринчи навбатда сиёсат ва давлат арбоби, ундан кейин саркарда эди. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бир қатор ҳарбий юришларни Амир Темур катта ишонч билдирган ҳарбий қўмондонлар муваффақиятли амалга оширган.

“Бу — Темур саркардаларининг таржимаи ҳолларини тиклаш бўйича биринчи илмий иш. Бу саркардалар орасида ҳозирги замон ҳарбийларини ҳам қизиқтириши мумкин бўлган ҳақиқатан-да ёрқин қўмондонлар бўлган. Уларнинг таржимаи ҳоли XIV асрдаги Осиёнинг энг қудратли армиясида ҳарбий фикр қандай ривожланганини кузатиш имконини беради”, — дейди тарихчи.

Ўн икки саркарда

Бобровнинг сўзларига кўра, Амир Темур саркардаларини шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳ — «саркарда бўлиш учун туғилганлар», улар ҳақиқатан иқтидорли бўлган ва Амир Темур бу иқтидорни кўра билган. Иккинчи гуруҳ — «лавозим бўйича саркардалар», улар Темур сафдошларининг фарзандлари бўлиб, лашкарбошилик ва лашкарни ота-бобосидан мерос қилиб олган. Учинчи гуруҳ — «саркарда бўлиб туғилганлар», яъни, шахсан Темурнинг қўлида сабоқ олган темурийзодалар.

Новосибирсклик тарихчилар Темурнинг энг ёрқин 12 сафдоши ҳақидаги рисолалар кетма-кетлигини чоп этишга тайёргарлик кўрмоқда. 2016—2017 йилларда чоп этиладиган мазкур чиқишларнинг дастлабкиси Жаҳоншоҳ-баҳодирга бағишланади.

“У, эҳтимол, Амир Темурнинг ажойиб саркардалар гуруҳидаги энг иқтидорли лашкарбоши бўлса керак. Унинг “ҳарбий дастхати”ни мен Суворов билан таққослаган бўлардим. У Ўртаер денгизидан тортиб Иртиш дарёси соҳилларигача бўлган ҳудудларда жанг қилган, ҳар доим Темур билан елкадош бўлиб, ўнлаб ғалабаларга эришган. Охир-оқибат, сиёсий қарама-қаршиликлар ва аёллар билан боғлиқ низолар сабаб ўз сафдошининг қўлида ҳалок бўлган”, — дейди Бобров.

Олимнинг қўшимча қилишича, унинг саркардалар ҳақидаги мазкур илмий иши ўзбек ва қозоқ тарихчилари учун қизиқ бўлиши мумкин. Маълум бўлишича, Темур билан сафдош бўлган саркардаларнинг уруғлари ҳозирги қадар Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида истиқомат қилади.

Тактика бўйича даҳо

Бобровнинг қайд этишича, нафақат Темурнинг саркардалари, балки унинг армияси қандай қуроллардан фойдалангани, ҳарбий ишни қандай ташкил этгани, тактика ва стратегиялари ҳам чуқур ўрганилмаган.

«Биз чоп этилмаган материаллар — археологик топилмалар, бутунлигича сақланиб қолган қурол-аслаҳа ва совутлар, XIV аср охири — XV аср бошига тааллуқли тенги йўқ тарихий ёзма манбалар устида сўнгги йилларда фаол ишладик. Ушбу манбалар Темур қўллаган жанг олиб бориш тактикаларини энг майда деталларигача қайта тиклаш имконини беради. Амир Темур қўллаган тактика ва стратегиялар ҳарбий санъатда ҳақиқий олға силжиш бўлган, бу тактикалар кўп жиҳатдан ўз замонидан илгарилаб кетган эди», — дейди тарихчи.

Амир Темур ишлаб чиққан энг самарали тактик усуллардан бири қоʻшин қанотларини душман ҳужумидан ҳимоя қилувчи суворий ҳарбий қисм — қумбул (қанбул)лардан фойдаланиш эди. Бу Чингизхон давридан бери душманни қанотдан айланиб ўтиб, маҳв этиб келаётган отлиқ кўчманчиларга қарши самарали курашиш имконини берган.

Олтин Ўрда кўчманчилари Амир Темур билан жангларда унинг қумбулларини зарарсизлантира олмаган. Оқибатда, Амир Темур Олтин Ўрдага ҳал қилувчи зарбани бериб, шу билан Руснинг мўғул-татар тутқунидан қутулишига билвосита таъсир қилган.

Бобровнинг сўзларига кўра, новосибирсклик тарихчилар олти йилдан бери Амир Темур армиясини ўрганмоқда ва тўрт йилдан сўнг миқёси катта бўлган монографияни чоп этишни мақсад қилган. Бу, таъкидлашларича, Амир Темур томонидан асос солинган салтанатнинг армияси ва ҳарбий фаолиятини қамраб олган жаҳон тарихидаги илк илмий тадқиқот бўлади.

Амир Темур томонидан Ўрта асрларда ташкил этилган Темурийлар салтанати майдони Қора денгиздан Ҳиндистонгача, Волга дарёси бўйларидан Форс кўрфазигача чўзилган эди. XVI аср бошига қадар яшаган салтанат пойтахти Самарқанд шаҳри эди.