Ўзбекистон мадҳияси бастакори Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда

Мутал Бурҳоновни билмайдиган, у ҳақда эшитмаган одам бўлмаса керак. Замонамизнинг етук  санъаткорларидан бири, атоқли бастакор миллий мусиқа маданияти ривожига улкан ҳисса қўшди. Кўпгина ўзбек композиторлари санъатга бўлган муҳаббатни, ижоднинг сеҳрли сир-синоати ва анъаналарини шу устоздан ўрганганман.

Табиатдаги ўзига хос нозик тароватларни шоирлар шеърга солса, мусаввирлар бўёққа кўчиради, мусиқачи эса куй ва қўшиқларда ифодалайди. Таниқли бастакор қадимий Бухорода камол топди. У улуғвор обидалар сеҳри, табиат гўзаллигидан қаттиқ таъсирланар, қалбида ажиб туйғулар жўш урар, қувончдан вужуди тўлиб-тошиб нимадир айтгиси, чўққиларга қараб ҳайқиргиси келарди. Буларнинг барчаси қалбидан куй-қўшиқ, йирик шаклдаги мусиқа асарлари бўлиб отилиб чиқди.

Унинг ижоди миллий мусиқамизнинг ёрқин саҳифаларини ташкил этди, десак муболаға эмас. Булар орасида нафис ва дардли  “Ишқида”, “Табассум қилмадинг ҳеч”, “Келса ногоҳ”,  “Боғим”, “Ишқ ўти”, “Эй, булбул”  каби романслари, “Алишер Навоий” операси, “Алишер Навоийга қасида”,  “Абадий хотира”  реквиеми, “Ибн Сино”, “Мафтунингман”, “Орол балиқчилари”, “Самолётлар қўна олмади”, “Сурайё”, “Истиқбол йўли” фильмларига яратган куй ва қўшиқлари маълум ҳамда машҳур. Композиторнинг жўрсиз хор учун мослаган ўзбек, тожик, қорақалпоқ, уйғур, афғон, эрон халқ қўшиқлари жаҳоншумул аҳамиятга эга бадиий асарлар саналади.

Устоз ижодида Алишер Навоий билан боғлиқ мавзу алоҳида ўрин эгаллайди. Улуғ шоир сиймоси композиторнинг асосий ижод мавзусига бир умр ҳамроҳлик қилди. Янги асар билан учрашув олдидан кишида ҳамиша қувонч, фавқулодда ҳодисани кутиш туйғуси яширинган бўлади. Агар шу асар билан танишувдан сўнг фикрлар ойдинлашса, қалб туғёнга келиб, инсонни эзгуликка чорласагина, ижодкор ўз мақсадига эришади. Композиторнинг турли ижодий даврларида яратилган мусиқа асарлари, жумладан, “Гул диёрим”, “Баҳор қўшиғи”, “Ватан”, “Мафтун бўлдим”, “Дўппи тикдим ипаклари тиллодан” номли қўшиқлари, скрипка, виолончель ва фортепиано учун “Трио”си ҳамон республикамиз таниқли санъаткорлари томонидан моҳирона ижро этилмоқда.

Бастакорнинг “Кўнгил хазинаси” китобида Ўзбекистон Давлат мадҳиясининг яратилиши ҳақида шундай дейилади: “Ватан туйғуси, Ватан мадҳияси… Бу тушунчалар муштарак, бир-бировига уйғунлашиб кетган. Ватанни мадҳ этиш, уни улуғлаш ҳар бир инсон қалбидан ўрин олиши керак… Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Давлат мадҳияси янгича, истиқлол руҳида кун тартибига қўйилди. Муҳокама ва тортишувлардан кейин, мен ёзган мадҳияни ҳам танловга киритишди. Меҳнатлар зое кетмади. Мусиқанинг ярмига келганда олқишлар бошланди”.

Мутал Бурҳонов асарларининг фазилатларидан бири миллийликдир. Устоз рус ва Европа мумтоз мусиқаси анъаналари асосида теран миллий руҳ билан суғорилган асарлар яратди. Миллий руҳ фақат мусиқий тилда эмас, балки асар мазмунида ҳам, образларнинг характер мантиқида ҳам, халқ руҳининг тасвирида ҳам ёрқин кўринади. Шу маънода, атоқли бастакор асарларида  тафаккур ва ҳиссиёт муштараклигини сезиш мумкин.

Умрининг охирги йилларини она шаҳри Бухорода ўтказган таниқли ижодкорнинг меҳнати истиқлол йилларида муносиб қадрини топди. “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвонлари, “Буюк хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланди.

Устоз санъатимиз хазинасини бир қатор янги мусиқа асарлари билан бойитди. Ишончим комилки, улар асрлар оша яшайди. Бинобарин, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 11 январдаги баёнида атоқли бастакор Мутал Бурҳоновнинг юз йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар белгилангани биз, санъат аҳлини беҳад қувонтирди. Зеро, улуғ бастакорнинг ўлмас мадҳияси, бетакрор куйлари ҳали не-не қалбларни забт этажак!

 

Мустафо БАФОЕВ,

Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори,

«Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби.

“Халқ сўзи” газетасидан олинди.

SHARE