Зулфиқор Мусоқов янги “Хазонрезги” номли фильм суратга олди

Режиссёр Зулфиқор Мусоқов «Хазонрезги» номли янги бадиий фильмни суратга олиш ишларини якунлади. Мария Мусоқованинг «Дарё»га маълум қилишича, шу йилнинг 17 март куни Тошкентдаги Киночилар уйи ва Алишер Навоий номидаги кино саройида фильм премьераси бўлиб ўтади.

«Хазонрезги»да Шаҳзода Матчонова, Бобур Йўлдошев, Хайрулла Саъдиев, Абдухалил Мигноров, Жумадулла Раметов, Баҳриддин Абдуллаев, Ҳуснора Ҳожимуротова, Бахтиёр Раҳимов, Феруза Саидова, Камолиддин Каримов, Омина Чавандозова, Миновар Абдуллаева, Улуғбек Дадажонов, Кристина Корубко, Музаффар Шодиев каби актёрлар суратга тушган.

Фильм суратга олинган «Ўзбекфильм» киностудияси маълумотларига кўра, ҳаётнинг зарбаларидан сўнг энди бир маромда яшай бошлаган оддий бир оиланинг ҳаётини бир телефон қўнғироғи ўзгартиради. Сценарий муаллифи — Зулфиқор Мусоқовнинг ўзи.

«Сценарий Қурбон ака (бош қаҳрамон)нинг уйида чалинган телефон қўнғироғи билан бошланади ва қолган воқеалар шу қўнғироқ билан боғлиқ ҳолда давом этади. Флеш-бек усули орқали томошабин фильм бошидаги тушунарсиз телефон қўнғироғининг сабабини тушуна бошлайди. Турли воқеаларга сакраш натижасида томошабинларда уйғонган барча саволларга жавоб берилади», — дейилади «Ўзбекфильм» хабарида.

Фильмга Азизбек Арзиқулов операторлик қилган, мусиқаси Мария Мусоқовага тегишли. Саҳналаштирувчи рассом — Фазлиддин Турдиев, либослар бўйича рассом — Ирина Литвиненко, Монтаж устаси — Тимур Суслин, Гримчи-рассом — Шероза Саидазизова, овоз оператори — Фурқат Ҳасанов.

SHARE