Ўзбекистонда топилган динозавр қолдиқлари тираннозавр жумбоғини ечади

Ўзбекистонда топилган кичик динозавр қолдиқлари олимларга Ер тарихидаги энг йирик йиртқичлардан бири — тираннозавр қандай эволюция қилганини тушунишга ёрдам бериши мумкин, деб ёзади «Газета.uz». Америка, Британия ва Россия олимларининг тадқиқотлари натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences нашрида эълон қилинди.

Daryo.uz сайтининг ёзишича, йиртқич динозаврлар оиласи — тираннозавридга кирган тираннозаврлар ва альбертозаврлар юқори бўр даври (тахминан 80—66 миллион йил аввал)да Осиё ва Шимолий Америкадаги минтақавий экотизимларда тарқалган эди. Улкан ҳажми ва ривожланган сезгилари шарофати билан улар юқори эволюцион чўққига эришди.

T. euotica скелети реконструкцияси, аниқланган қисмлар қизил билан белгиланган. Фото: PNAS
T. euotica скелети реконструкцияси, аниқланган қисмлар қизил билан белгиланган. Фото: PNAS

Шу пайтгача тираннозавридлар кичик тираннозавридлардан қандай эволюция қилгани ҳақида кам нарса маълум эди, ўртада 20 миллион йилдан ортиқ оралиқ юзага келган эди. Олимларда бундай трансформацияни тушунтириб бериш учун далиллар йўқ эди.

T. euotica мияси. Фото: PNAS
T. euotica мияси. Фото: PNAS

Янги тадқиқот ушбу вақт оралиғидаги тираннозавриднинг илк намуналарини тавсифлаб беради, у Жарақудуқ (Навоий вилояти Қизилқум чўли)да аниқланган 90—92 миллион йиллик скелетнинг яхши сақланган мия қутиси ва бошқа кўплаб элементларига асосланган.

Timurlengia euotica (T. euotica) деб ном берилган динозавр қолдиқлари тираннозавридлар ўша вақтда улкан ҳажмда бўлмаганини, бироқ аллақачон нисбатан йирик мия ва яхши эшитиш қобилиятига эга бўлганини кўрсатди.

T. euotica ва бошқа теропод динозаврлар ўртасидаги филогенетик алоқа. Фото: PNAS
T. euotica ва бошқа теропод динозаврлар ўртасидаги филогенетик алоқа. Фото: PNAS

Олимлар тахмин қилишича, тираннозавридлар қуйи бўр даврида нисбатан тезроқ катталашган, уларнинг йиртқичлар орасидаги устунлигини эса ривожланган мия ва сезгилар билан тушунтириш мумкин.

SHARE