Чикагода Наврўз байрами нишонланди

19 март куни Чикагода Наврўз байрами нишонланди. Чикаго Ўзбек — Америка жамияти томонидан ташкил этилган байрам баҳона юртдошлар бир-бирлари билан дийдор кўришишди. Байрамдан аввал Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консули ўринбосари Улуғбек Аҳмедов Чикагода истиқомат қилувчи ўзбеклар билан суҳбат қурди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Бундан ташқари, байрам арафасида ўзбек миллий эртаклари китоби ҳамда миллий матолар ярмаркаси ташкил этилди.

Байрамни жарчи болажонлар очиб беришди. Табриклар, куй ва қўшиқларга уланган тантанада Чикагодаги ўзбек мактаби болаларининг фаол иштирок этишгани йиғилганларга янада завқ бағишлади. Болалар “Ким олади, шугинани?” деб аталган ўзбек миллий ўйинини намойиш этишди. Гулруҳ Гадоева томонидан маҳорат ила ижро этилган “Фасли навбаҳор” қўшиғи меҳмонларларнинг самимий олқишларини қозонди. Дастурхонга миллий таомлар, жумладан, ош ва сумалак тортилди. Байрам қизиқарли ўйинлар билан давом этди.

735119_1051845971538246_759456704963724756_n

Шунингдек, байрам давомида Чикаго ўзбек-америка ассоциацияси президенти Олим Шарипов 2015 йилнинг энг фаол аъзоларига эсдалик совғаларини топширди. Чикаго ўзбек мактабининг энг фаол ўқитувчиси номи — Ҳулкар Ашуровага насиб этди. Жамшид Эшонхўжаев эса Чикагодаги ўзбеклар ичида 2015 йилнинг энг фаол йигити деб топилди. Шунингдек, Чикаго ўзбек мактабининг энг фаол ўқувчиси номига Севара Қодирова эришди. Байрам сўнгида аукцион ўтказилди. Аукциондан тушган маблағлар Чикаго ўзбек мактаби фондига тақдим этилди.