Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 5,2 фоизни ташкил қилди

2015 йилнинг январь-декабрь ойларида иқтисодий фаол аҳоли сони 13767,7 минг кишини ёки аҳоли умумий сонининг 44 фоизини ташкил қилди. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2015 йилнинг январь-декабрь ойларида иқтисодиётда банд бўлган аҳоли сони 13058,3 минг кишини ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 фоизга ошди.

Бандлар сонининг сезиларли ўсиш даражаси транспорт ва алоқа соҳасида (3,8 фоизга), уй-жой коммунал хўжалиги ва аҳолига маиший хизмат кўрсатишнинг ноишлаб чиқариш турида (3,6 фоизга), савдо, умумий овқатланиш, таъминот ва тайёрлов соҳасида (3,5 фоизга) ва қурилишда (3,3 фоизга) кузатилди.

2015 йилнинг январь-декабрида иқтисодий фаол аҳолининг бандлик даражаси (иқтисодиётда банд аҳолининг иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбати) 94,8 фоизни ташкил этди. Нодавлат секторида банд бўлганларнинг жами бандлар сонидаги улуши 82,2 фоизга етди, бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврида 81,9 фоизни ташкил қилган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2007 йил 24 майдаги қарори билан тасдиқланган ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш методикасига асосан аниқланган ишсизлар сони 2015 йил январь-декабрида 709,4 минг кишини ташкил қилди ва иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан ишсизлик даражаси 5,2 фоизга тенг бўлди.

SHARE