Барак Обама Ўзбекистонни бойитилган уран захираларини йўқ қилгани учун олқишлади

АҚШ президенти Барак Обама Ўзбекистонни юқори даражада бойитилган уран захираларини йўқ қилгани учун олқишлади. Америка раҳбари бу ҳақида Вашингтонда бўлиб ўтган ядровий хавфсизлик масалаларига бағишланган анжуманда қайд этиб ўтди.

“Дунё аниқ, жиддий қадамларни ташлаш орқали ядровий терроризм хавфини сезиларли даражада камайтирди. Террористлар қўлига ядровий арсеналлар тушмади”, деди у, жумладан конференцияда.

Барак Обама, шунингдек, Аргентина, Швейцария ва Ўзбекистон томонидан юқори даражада бойитилган уран арсеналларидан йўқ қилиш бўйича яқинда кўрилган чораларни алоҳида эътироф этди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 29 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг Биринчи қўмитаси “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома” резолюцияси лойиҳасини кўриб чиқди ва овоз беришга қўймасдан, консенсус асосида мазкур ҳужжатни қабул қилди.

Дунёнинг 60 га яқин давлати, жумладан, “ядровий бешлик” мамлакатлари − Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция унинг ҳаммуаллифлари бўлишди.

Ҳужжатнинг биринчи бандида “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартноманинг 2009 йил 21 мартда кучга кириши маъқулланган”.

“Шу тариқа, 1993 йил 28 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ташаббус қўллаб-қувватланди”, деб ёзади “Жаҳон” АА.

Марказий Осиёдаги ядросиз зона қатор ноёб ўзига хосликларга эгадир. Бу шимолий ярим шарда барпо этилган биринчи ядросиз ҳудуддир. Шунингдек, мазкур шартнома Марказий Осиёдаги беш мамлакатнинг барчаси иштирок этаётган хавфсизлик соҳасидаги биринчи кўп томонлама битим бўлди.

Шартномага кўра, ҳар бир томон ядровий тадқиқотлар ўтказмаслик, ҳар қандай ядровий қурол ёки бошқа ядровий портлаш қурилмаси устида иш олиб бормаслик, ишлаб чиқармаслик, захираларини тўпламаслик ёки бошқа усуллар билан қўлга киритмаслик, эгалик қилмаслик ёки унинг устидан назоратни амалга оширмаслик бўйича ўз зиммасига мажбуриятлар олган. Ўз навбатида, ядровий давлатлар шартномада иштирок этаётган барча мамлакатларга нисбатан ядро қуролини ёхуд бошқа ядровий портлаш қурилмасини қўлламаслик ёки уни қўллаш билан таҳдид қилмасликни кафолатлайди.