Ўзбекистоннинг ЖЧ-2018 саралаши учинчи босқичидаги рақиблари маълум бўлди

12 апрель куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида Жаҳон чемпионати-2018 саралашининг учинчи босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг ёзишича, унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ҳамда жамоа менежери Рамиль Илёсов ҳам иштирок этишди. Қуръа натижаларига кўра, иккинчи босқичдан муваффақиятли ўтган 12 жамоа олтитадан икки гуруҳга бўлинди.

Гуруҳлар қуйидагича кўриниш олди:

“А” гуруҳи: Сурия, Қатар, Хитой, ЎЗБЕКИСТОН, Жанубий Корея, Эрон

“В” гуруҳи: Таиланд, Ироқ, БАА, Саудия Арабистони, Япония, Австралия

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати 2018 саралашининг учинчи босқичи тақвими қуйидагича:

1-тур, 1 сентябрь, 2016. Ўзбекистон – Сурия

2-тур. 6 сентябрь, 2016. Қатар – Ўзбекистон

3-тур. 6 октябрь, 2016.  Ўзбекистон – Эрон

4-тур. 11 октябрь, 2016. Ўзбекистон –Хитой

5-тур. 15 ноябрь, 2016. Жанубий Корея – Ўзбекистон

6-тур. 23 март, 2017. Сурия – Ўзбекистон

7-тур. 28 март, 2017. Ўзбекистон – Қатар

8-тур. 13 июнь, 2017. Эрон – Ўзбекистон

9-тур. 31 август, 2017. Хитой – Ўзбекистон

10-тур. 5 сентябрь, 2017. Ўзбекистон – Жанубий Корея

Маросимда иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматига берган интервьюсида қуръа натижалари ва саралашнинг учинчи босқичи борасидаги фикрлари билан  ўртоқлашди.

“Бугун муҳим кун эди. Муҳимлиги, бизнинг гуруҳга қандай даражадаги рақиблар тушгани эътиборидан эмас – бу босқичда осонлик билан енгиш мумкин бўлган рақибнинг ўзи бўлмайди – айнан рақиблар номларини билиб олиш ва шу кун, мана шу дақиқадан тайёргарликни бошлаш, гуруҳимиздаги жамоаларни ўрганиш жараёнига киришиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтяпман. Мана энди биз кейинги босқич тайёргарлигига тўлақонли киришишимиз, рақиб жамоалар ўйинларини таҳлил этишни бошлашимиз, ўртоқлик ўйинлари ўтказиш учун саралашдаги рақибларимиз даражаси, ўйин савиясига яқин жамоалар танлашимиз мумкин”.

“Шу ўринда мухлисларга ҳам мурожаат қилмоқчиман: Биз ҳар бир ўйинимизда сизларнинг қўллаб-қувватлашингизни, мададингизни, кўмагингизни ҳис қилиб турдик. Футболчилар ҳам айниққса сўнгги ўйинларда сизларни бахтиёр қилиш учун бор кучларини иша солиб ҳаракат қилишди. Шундай қўллаб-қувватлашдан, шундай кўмакдан кейинги босқичда ҳам умид қилиб қоламиз. Ўз навбатида биз йигитлар билан ўзбек футболи олдида турган асосий вазифа – Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Бу бизнинг қўлимиздан келади деб ўйлайман. Бунинг учун бизда етарлича маҳоратли футболчилар бор. Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан жамоа ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги учун, керакли барча шароитлар яратиб бериляпти”.

“Рақибларга келадиган бўлсак, уларнинг ҳеч бири бу ергача тасодифан етиб келмади. Гуруҳда бир-бирига муносиб жамоалар йиғилган. Яққол фаворитлар ёки аутсайдерлар йўқ. Ҳозир ҳар бир ўйинга ҳаётимиздаги энг муҳим ўйиндек муносабатда бўлишимиз керак. Ҳар бир ўйин алоҳида сюжет, алоҳида тарих. Биз учун энг асосийси – айни вақтда биринчи ўйинда ғалаба қозониб олиш”, – дейди Самвел Бабаян.

SHARE