Афғонистонда Алишер Навоий номидаги давлат мукофоти таъсис қилинди

Шу йилнинг 11 апрель, душанба куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида атоқли шоир, олим ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг 575 йиллиги муносабати билан ташкил этилган халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Тадбирда чиқиш қилган мамлакат президенти Ашраф Ғани Аҳмадзай ушбу сана муносабати билан Алишер Навоий шарафига янги расмий давлат мукофоти таъсис этилиши тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди, деб хабар беради Pajhwok Afghan News ахборот агентлигига таяниб, Daryo.uz сайти.

«Эски илм-фанимиз ва маданиятимиз вакилларининг китоб ва мақолаларидан тегишли хулосалар қилиш ва уларнинг хотирасини ёд этиш бизнинг бурчимиздир», — деди Ашраф Ғани халқаро симпозиумдаги чиқишида.

Шунингдек, президент Алишер Навоий XV асрнинг энг йирик маданият ва сиёсат арбобларидан бири бўлганлигини қайд қилиб ўтди.

Ўз навбатида, Афғонистон президентининг ўринбосари, мамлакатдаги ўзбек жамоаси етакчиси генерал Абдулрашид Дўстум бунинг учун президентга миннатдорчилик билдирди.

Тадбирда Навоий меросини ўрганиб келаётган бир қатор олимлар, жумладан, туркиялик маданиятшунос, доктор Абдулраҳмон Кундал, Покистондаги Панжоб университети профессори, доктор Али Комил Қизилбош, Ҳиндистондаги Деҳли университети форс тили факультети профессори, доктор Шариф Ҳусайн Қосимий, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон вакиллари — Абдулла Аъзам ва Анвар Муҳаммад Адиб Ҳамнавоий ўз маърузалари билан иштирок этди. Улар Навоий меросига юксак баҳо бериб, унинг жаҳон маданияти олдидаги хизматларини эътироф этди.

«Бизда Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий (Мавлоно Румий) девони ва Навоий китоблари муҳаббат билан ўқилади. Очиғини айтганда, Навоийнинг хизматлари беқиёсдир», — деди доктор Шариф Ҳусайн Қосимий.

SHARE