Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 800 минг сўмдан пул мукофоти берилади

Ўзбекистон ҳукумати 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантиришни режалаштирмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг фармонига кўра, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 800 000 (саккиз юз минг) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Ушбу сарф-харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Президент Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминлашни топширган.

Урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони жангларда бевосита иштирок этган. 500 мингга яқин юртдошларимиз урушда ҳалок бўлган.

SHARE