Давутўғли истеъфоси: Туркия де-факто президентлик бошқарувига ўтдими?

Шу йилнинг 5 май куни Туркия ҳукумати раҳбари Аҳмет Давутўғли ўз лавозимини тарк этди. Маълум бўлишича, у бундай қарорга 4 май куни президент Режеп Эрдўған билан учрашувидан сўнг келган.

“Hurriyet” газетаси шарҳловчиси Абдулқодир Селвининг ёзишича, бу қарор Туркия амалда парламент республикасидан президент республикасига қадам ташланганидан далолат беради.

Ҳокимиятдаги “Адолат ва тараққиёт” партиясининг шу йил 22 май куни бўлиб ўтадиган навбатдаги қурултойида партия ўзига янги раҳбар танлайди. Аҳмет Давутўғли эса парламент аъзоси бўлиб қолади. Партия раҳбари лавозимига эса Эрдўғанга сўзсиз қулоқ тутадиган киши тайинланади.

Туркия матбуотининг ёзишича, Давутўғли ва Эрдўған ўртасидаги зиддият партия етакчиларини тайинлаш борасида келиб чиққан. Амалдаги таомилга кўра, бу партия ижро органига тегишли бўлса-да, шу пайтгача Эрдўған (партия раҳбари) бу ишни амалга ошириб келган. Аммо партия ижроия органининг 29 апрель кунги мажлисида Давутўғли ушбу ваколатдан маҳрум этилади. Боз устига, унинг устидан шикоят ёзилиб, имзо тўпланади.

Туркиянинг асосий мухолиф партиялари — Республика халқ партияси ва Халқ демократик партияси бош вазир истеъфосини Эрдўған томонидан амалга оширилган “тўнтариш” деб баҳолади.

Туркиялик сиёсатшунос Мурат Еткиннинг ёзишича, Давутўғли истеъфога чиқмади, балки лавозимидан озод қилинди. Бу билан Эрдўған мамлакатда тартиб конституциявий таомилларсиз ҳам унинг қўлида эканлигини кўрсатди. Чунки Давутўғли сайловда мағлуб бўлмади, парламент унга нисбатан вето қўлламади. Шунчаки партиянинг ички тартиб-қоидалари асосида у лавозимидан кетишига тўғри келаяпти.

SHARE