Лондоннинг янги мусулмон ҳокими “Исломофобия”га барҳам берадими?

Шу йилнинг 5 май куни Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳри мэрлиги учун сайлов бўлиб ўтди. Унда лейбористлар вакили Содиқ Хон ғолиб чиқди. У Лондон шаҳри, умуман, Ғарб мамлакатлари пойтахтлари ҳокимлигига сайланган тарихдаги илк мусулмон сиёсатчига айланди.

Келиб чиқиши покистонлик бўлган Содиқ Хон, айни вақтда 46 ёшда. Унинг ота-онаси ўтган асрнинг 60-йилларида Британияга муҳожир сифатида келган. Содиқ Хон Лондоннинг жанубидаги туманда автобус ҳайдовчиси оиласида вояга етган.

Унинг сайловолди дастуридаги асосий жиҳатлар аҳоли учун турар жой бинолари қуриш, ижтимоий соҳада ислоҳотлар ўтказиш, транспорт соҳасидаги нархларнинг ошишини чеклаш, шунингдек, Ҳитроу аэропортининг кенгайтирилишини тўхтатиш эди. Хоннинг сайловдаги асосий рақиби консерваторлар вакили Зак Голдсмит бўлиб, у сайловнинг дастлабки натижаларига кўра Хондан 9 фоизга камроқ овоз олганди.

Британиялик таҳлилчиларнинг фикрича, Содиқ Хоннинг 8,6 миллион кишилик Лондон мэрлигига сайланиши мусулмонларга нисбатан ёйилаётган қўрқувнинг ўрнига умид уйғотади. Гап шундаки, сўнгги пайтларда Сурия инқирози ва бошқа воқеалар сабабли Ғарб мамлакатларига мусулмонларга қарши кайфият тобора кучайиб бормоқда. Дональд Трамп риторикаси ёки Европада тобора оммалашиб бораётган миллатчилик ҳаракатлари бунга яққол мисолдир.

Содиқ Хоннинг Лондон ҳокими бўлиши одамлардаги “исломофобия” кайфиятини бутунлай йўқ қила олмайди. Аммо бу янгилик мусулмон сиёсатчи барча лондонликлар учун раҳбар бўла олишини кўрсатади. Давлат ва жамиятлари ишларини дини, миллати, ирқидан қатъи назар ҳар ким бошқара олишини намоён этади.

Айрим лондонликликларнинг фикрича, Содиқ Хоннинг сайловда ғалаба қозониши айнан шу жиҳат билан боғлиқдир. Яъни у сайлов кампаниясини ижобий кайфиятда олиб борди. У кўпчилик мусулмонлар ҳақидаги стереотипларга барҳам берди: бир жинсли никоҳлар бўйича ижобий қарашларини билдирган бўлса, лондонлик яҳудийлар жамоаси ҳам Содиқ Хонни олқишлашди. Бунинг ўзиёқ муҳим жиҳатдир.

Бир қатор тадбиркорлар эса муамммо Содиқ Хоннинг динида эмас, балки ўта социал қарашларга эга эканлигида, деб билишмоқда. Уларнинг фикрича, дунё молия марказларидан бири бўлган Лондонга кўпроқ капиталистик қарашдаги сиёсатчининг мэр бўлиши айни муддаодир. Яна бир гуруҳ кузатувчилар фикрича эса, овоз бериш жараёнида мусулмон британияликларнинг роли ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Чунки Лондонда Буюк Британия мусулмонларининг 60 фоизи яшайди. У ўз электорати, хусусан, радикал кайфиятдаги имом ва диндорлар талабларини ҳам илгари суришига тўғри келади, дейишмоқда айрим экспертлар.

Хулоса қилиб айтганда, Содиқ Хоннинг Лондон мэри бўлиши Ислом динини қоралаш орқали маслакдошларини йиғишга уринаётган миллатчилар учун жиддий жавоб бўлди. Бу барча илғор фикрловчи кишиларнинг ҳам истагидир.