Ислом Каримов: “Халқимиз доимо бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмасин, остонамизга яқин келмасин, деб яшайди”

Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат, беҳисоб йўқотишларга олиб келган урушни бошидан кечирган халқимиз доимо битта фикр билан яшайди: бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмасин, остонамизга яқин келмасин. Бизга тинчлик керак, омонлик керак. Одамларимиз ҳар қандай давраларда, тўй-маъракаларда Яратгандан аввало шуни сўрайди, деди Ислом Каримов 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан журналистларга берган интервьюсида.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, бундай қатъий қарашлар кўпни кўрган халқимизнинг онгу тафаккурига жуда чуқур кириб борган ва ёшу қари барча одамларимиз тинчликнинг моҳияти ва аҳамиятини, қадр-қимматини теран англаб етгани ҳаммамизга аён.

Бунинг устига, дунёда тобора кескинлашиб бораётган қарама-қаршиликларни, яқин ва узоқ атрофимизда қонли тўқнашувлар кучайиб бораётганини, бир сўз билан айтганда, бундай офатлар тинчлик ва барқарорликка нисбатан ўта жиддий хавф ва таҳдид солаётганини аҳолимиз жуда катта хавотир билан кузатмоқда.

“Бизга қўшни Афғонистонда 35 йилдан буён беқарор вазият ҳукм сурмоқда ва ҳали-бери унинг охири кўринмаяпти. Экстремизм, терроризм деб ном олган, тобора кенгайиб бораётган хатарлар, фашизм деган бало яна майдонга чиқаётгани барча-барча юртдошларимизда ташвиш уйғотмоқда”, деди Ислом Каримов.

Бундай мураккаб ва таҳликали вазият, бошимиздан кечираётган шиддатли замон, сўзсиз, барчамиздан доимо сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимизни талаб қилмоқда, деди Президентимиз. “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган шиор юртимизда яшаётган ҳар қайси инсондан ҳамон учраб турадиган лоқайдлик ва бепарволик кайфиятларидан халос бўлишни, энг муҳими, ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳисси билан яшашни бугунги кунда энг долзарб масала сифатида олдимизга қўймоқда.

Ана шундай кескин вазият давлатимиздан, жамиятимиздан хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, чегараларимизнинг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида замон талаб қиладиган, зарур чораларни амалга оширишни тақозо этмоқда.