Ўзбекистонда Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда

Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор М.Бурҳонов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Унда мусиқа ихлосмандлари, мусиқашунослар, хонандалар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

ЎзАнинг хабар беришича, Мутал Бурҳонов миллий мусиқа санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган, ўзбек композиторлик мактабига тамал тошини қўйган инсонлардан бири эди. Машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтган композитор олтмиш йилдан зиёд вақт давомида турли жанрларда бадиий етук асарлар яратди.

Ўзбек бастакорлик ижодиётида романс, акапелла жанрининг асосчиларидан бири бўлган М.Бурҳонов Шарқ халқлари қўшиқларини маҳорат билан миллий мусиқамизнинг нафислиги ва жозибасини сақлаган ҳолда қайта ишлашга муваффақ бўлган. Муаллифнинг романслари сокин, тингловчи қалбига ҳаловат бағишласа, бир қатор кинофильмлар учун яратган мусиқий асарлари халқчиллиги, завқли жозибаси билан руҳиятга яқиндир.

“Устоз композитор яратган асарлар ҳар биримизда она Ватанга муҳаббат, туғилиб ўсган табаррук заминга эҳтиром, жонажон Ўзбекистонимиз фарзанди эканимиздан чексиз фахрланиш туйғуларини жўш урдиради. Бу жиҳатлар Ўзбекистон Давлат мадҳияси янграганида яна бир карра ёрқинроқ намоён бўлади”, дейилади хабарда.

Бутун умрини санъат йўлига бағишлаган, тақдир синовларини мардона енгиб ўтган заҳматкаш ижодкор Мутал Бурҳонов ёш истеъдодларнинг талабчан ва меҳрибон устози эди.

Хотира кечасида М.Бурҳонов асарларидан тузилган концерт намойиш этилди.

SHARE