Тошкент давлат техника университети фаолияти такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Тошкент давлат техника университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Ҳужжат саноатнинг асосий йўналишларини модернизация ва диверсификация қилиш бўйича ўрта ва узоқ муддатли стратегик дастурларни самарали амалга ошириш учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш даражасини тубдан юксалтириш, жаҳоннинг муҳандислик таълимини ривожлантириш тажрибасидан келиб чиқиб кадрлар тайёрлашни ташкил этиш ва сифатини яхшилаш, шунингдек замонавий моддий-техник базани яратиш мақсадида қабул қилинган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбари Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети ва Республика Фанлар Академияси ион-плазма ва лазер технологиялари институтини, Техника университети негизида қайта ташкил этиш таклифини қабул қилди.

Фармонда қайд этилишича, ТДТУ республиканинг муҳандислик-техник йўналишларда кадрлар тайёрлаш бўйича асосий олий таълим муассасаси ҳисобланади. Янги ташкил этиладиган ТДТУда инженерлик тизимлари факультети ва муҳандислик-физика факультети иш бошлайди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ТДТУнинг нефть ва газ факультети талабалари И. М. Губкин номидаги Россия давлат нефть-газ университетининг Тошкент шаҳридаги бўлимида таҳсилни давом эттиришади.