Нью-Йорк: димоғларни яйратган ўзбек оши!

Жасур Ҳамроев

Нью-Йоркдаги ўзбекларимиз миллий анаъаналаримизга жуда содиқ. “Гап” ё чойхона улардан бир гуруҳини тез-тез учраштириб турса, АҚШ ва Ўзбекистонда нишонланадиган байрамларда эса деярли барчаси дийдор кўришади. Наврўз айёмида дошқозонда сумалак пиширишади, лапарлар айтишади, бир-бирларига совғалар улашишади.

Мана, куни-кеча улар яна бир кенг даврада жамланишди. “Океан орти”да кенг нишонланадиган “Оналар куни” сабаб ўзбекона боғ сайли ўтказишди. Мусиқий кеча давомида Ўзбекистонда эълон қилинган “Соғлом она ва бола “ йили моҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

“Uztvnewyork” онлайн-телеканали раҳбари Илҳомжон Кенжабоев ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбир миллий анъана ва қадриятлар руҳида ўтгани алоҳида эътиборга лойиқ. Катта қозонда 500 кишилик ош пиширилди, милллий куй-қўшиқлар жаранг сочди, ўйи-кулгу даврани тўлдирди, юртдошларимиз қўлида байроғимиз ҳилпиради! Ота-оналар, йигит-қизлар, ёш болажонлар Она Ватандан қанчалар узоқларда истиқомат қилишмасин, жонажон Ўзбекистонга бўлган улкан муҳаббат қон-қонида жўш ураётганини яна бир бор ҳис этишди.

Тинч замонда мана шундай байрамона кайфиятда шукрона ила яшаш ярашади! Дунё тинч бўлсин! Ҳамма миллат эгалари, элатлар, халқлар омон бўлсин!

Сайлдан фоторепортаж билан қуйидаги ҳаволада танишингиз мумкин.