Игорь Манн: “Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг хазинаси, ундан оқилона фойдалана билиш керак”

Маркетинг ва бизнес бўйича кўплаб бестселлерлар муаллифи, Россиянинг 1-рақамли маркетёри ҳисобланган Игорь Борисович Манн Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистонда бизнес ҳамжамиятини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳа – “Бизнес лабораторияси” лойиҳаси орқали ушбу ҳудудда маркетинг тараққиёти тўғрисида ўз фикрларини билдирди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, машҳур маркетолог Ўзбекистон хушманзараси, меҳмондўст одамлари, мазали таомлари хусусида илиқ таассуротларини баён қилди. Бироқ у Ўзбекистонда маркетингни тўғри қўйиш устида анча меҳнат қилиш лозимлигини билдирди.

Унинг айтишига кўра, Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг хазинаси, фақат ушбу хазинадан оқилона фойдалана билиш керак. Агар ўн баллик даражада баҳоланса, айни пайтда ушбу ҳудуддаги маркетинг ҳолати 3 балл.

“Оддийгина мисол. На Самарқанд ва на Бухорода бирорта гестҳаус (“guest house” – меҳмон учун уй) учрамади. Бу – машиналарга ёқилғи қуйиш, кафе, дўкон кичик меҳмонхонани ўзида бирлаштирган жой.

Ахир сизларнинг юртингизга минглаб, миллионлаб хорижликлар, европаликлар келади. Улар орасида кофесиз кунини бошлай олмайдиганлар бор. Кўк чой, албатта, яхши, бироқ сайёҳ кофе ичгиси келдими, унга кофе сотинг”, – маслаҳат берди у.

“Мен жуда кўп юртларда бўлганман. Лекин кўрганларим орасида Ўзбекистон – бу дурдона, Ўрта Осиёнинг дурдонаси. Озроқ замонавий технологиялар қўлланса, бу ерга келувчи минглаб сайёҳларни миллионларга айлантириш қийин бўлмайди”, – деди Игорь Борисович.

Маннинг айтишича, Ўзбекистонда туризм бизнесини ривожлантириш учун, олий ўқув юртларида туризм факультетларини очиш ва кафедраларга бўлиб, тақсимлаб ўргатиш лозим.

SHARE