Ўндан ортиқ хорижий кинокомпаниялар Ўзбекистон ҳақида репортаж ва фильмлар суратга олади

Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЭОАВМА) жорий йилда Ўзбекистонга ўндан ортиқ хорижий медиа ва кинокомпанияларининг суратга олиш гуруҳлари сафарини уюштиради. Бу ҳақида “Подробно.uz” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Бу ўзбекистонликларнинг бугунги ҳаёти, бой тарихий-маданий мероси, мамлакатнинг замонавий қиёфаси ҳақида хорижлик ижодкорлар кўзи билан телеочерклар, фильмлар, ролик ва репортажлар тайёрлаш имконини беради.

“Биз ҳар бир хорижлик суратга олиш гуруҳига қизиқарли йўналишни уюштиришни режалаштиряпмиз. Бунда тарихий ёдгорликлар, табиий ландшафтлар, замонавий меъморий ечимлар, мустақиллик ютуқларидан сўзлайдиган сюжетлар ўрин олади. Бу халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистон тарихи, бой тарихи ва маданияти ҳақида хабардорлигини оширишга хизмат қилади”, деди ЭОАВМА вакили.

Сўнгги йилларда ЭОАВМА томонидан етакчи хорижлик шериклар билан бирга Ўзбекистон ҳақида фильмлар олиб келмоқда. Масалан, Германиянинг йирик кинокомпанияларидан бири Magna Mana Production “Ўзбекистон — эртаклар мамлакати” деб номланган фильмни тайёрламоқда. Фильм устида ўтган йилнинг кузида иш бошланган эди. Ҳозирги кунда фильм учун қўшимча кадрлар олинмоқда.

Россиянинг “Мастерская” кинокомпанияси билан эса “Ўзбекистон: чўл гавҳари” деб номланган ҳужжатли фильм суратга олинди. Ушбу фильм МДҲ томошабинлари томонидан ижобий қарши олинди. Ушбу кинокомпания билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон, хусусан, Оролнинг қуриши ҳақида фильм суратга олинмоқда. Унинг премьераси яқин ойларда бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг KBS, Япониянинг Compass Inc, Покистон ва Бангладеш компаниялари, шунингдек, машҳур австралиялик режиссёр-документалист Людовик Пето ҳам Ўзбекистон ҳақида фильм сурат олиш истагини билдирган.

SHARE