ОАВ: WBA ўз версияси бўйича чемпионлик унвонини Руслан Чагаевга қайтарди

Профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA)нинг мунтазам чемпиони, австралиялик 37 ёшли Лукас Брауннинг допинг учун топширган такрорий тест намуналарида тақиқланган кленбутерол моддаси борлиги аниқланди ва у чемпионлик камаридан маҳрум этилиб, 6 ойга боксдан четлатилди. Бу ҳақида ТАСС хабар тарқатди.

Daryo.uz сайтининг ёзишича, WBA ўз версияси бўйича чемпионлик унвонини Руслан Чагаевга қайтарди. 37 ёшли ўзбекистонлик боксчининг менежери Тимур Дугазаевнинг маълум қилишича, Чагаев Пуэрто-риколик Фрес Окендога қарши жанг ўтказиши керак бўлади.

“Кеча Браун чемпионлик камаридан маҳрум қилингани ва ярим йилга дисквалификация қилингани ҳақидаги қарорни олдик. Руслан айни дамда АҚШда. Окендо билан жанг борасида келишиб олишимиз учун 3 ой муҳлат берилди. Русланда супероғир вазн турнирининг финалига чиқиш имконияти бор. Ишлашда давом этиш керак”, – деди Чагаевнинг менежери Тимур Дугазаев.

WBA расмий сайтида маълум қилинишича, Руслан Чагаевга чемпионлик жангини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган Фрес Окендо билан жанг қилиш борасида музокара ўтказиши учун 120 кун муҳлат берилган.

Эслатиб отамиз, Руслан Чагаев ва Лукас Браун ўртасидаги чемпионлик жанги 5 март куни Грозний шаҳрида ўтказилганди. Унда ўзбекистонлик боксчи рақибига 10-раундда техник нокаут билан мағлуб бўлганди.

SHARE