Миллий университет фаолияти янада такомиллаштирилади

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11 май куни “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган.

    Ҳужжат матни бугун Lex.uz порталида эълон қилинди.ЎзМУни қайта ташкил этишдан кўзланган мақсад «олий таълимни ривожлантиришнинг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан ўзгартириш», ОТМнинг «илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш» ва «ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан алоқаларини кучайтириш»дан иборат ҳисобланади.

    Ҳужжатда ЎзМУнинг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланган. Унга кўра, ОТМда геология ва география (1), физика (2), биология (3), кимё (4), математика (5), хорижий филология (6), тарих (7), иқтисодиёт (8), ижтимоий фанлар (9) ва журналистика (10) факультетлари фаолият кўрсатади.

    Бундан олдинроқ, университетнинг Ўзбек филологияси факультети ва бошқа тузилмалар базасида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани тўғрисида хабар қилинганди.

    Эслатиб ўтамиз, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ташкил топганининг 98 йиллиги 12 май куни кенг нишонланди.