Ўзбекистонлик талаба Жанубий Кореядаги нотиқлик танловида ғолиб бўлди

Жанубий Кореядаги Кёнхе университети томонидан ўтказилган нотиқлик санъати танловида ўзбекистонлик талаба Раҳимбобоев Бахтиёр биринчи ўринни қўлга киритди. Танловда 15 мамлакатдан 17 нафар иштирокчи ўз омадини синаб кўрди.

“Ёнҳап” ахборот агентлиги хабар беришича, “Корея умидлари” ва “Корея маданияти билан боғлиқ шахсий тажриба” мавзулари доирасида у “Жанубий Кореяда осиёликларни камситиш” мавзусида нутқ сўзлади.

Kun.uz сайтининг ёзишича, у корейс тилини илк бор бошланғич синфда ўқиб юрганда ўзбек телеканаллари орқали эфирга узатилган фильмда эшитган. Шундан кейин у Жанубий Кореяда ўқиш умидида ҳар куни саккиз соатлаб корейс тилини ўргана бошлайди.

24 ёшли Бахтиёр ҳозир Сежонг университетида корейс адабиётини ўрганади. “Мен бу ерга қўлимда 200 доллар билан келганман”, – деди у ва кореялик яхши одамларнинг қўллаб-қувватлаганини миннатдорчилик билан эслади. Мамлакатга бўлган меҳрига қарамасдан, у ўзига нисбатан ирқий камситилишни ҳис қилган.

“Мен одамларнинг ғарбликларга бошқача муносабатда бўлишларини сезаман. Менинг асосий мақсадим ғалабага эришиш бўлса ҳам, ўз фикрларимни минглаб жанубий кореяликлар билан бўлиша олганимдан мамнунман”, дейди у.

12 май куни ўтказилган нотиқлик танловида иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш учун 700 нафарга яқин киши ташриф буюрди.