Ўзбекистонда Болгария билан ҳамкорликда мотор мойини қайта ишловчи қўшма корхона ташкил этилди

    Шу йилнинг 18 май куни “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” йигирманчи халқаро кўргазмаси доирасида “Uz-Prista Recycling” Ўзбекистон – Болгария қўшма корхонасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

    Хабарда айтилишича, “Ангрен” махсус индустриал зонасида барпо этилган мазкур корхона мотор, тишли ғилдирак ва редукторлар учун мойлар, гидравлика суюқликлари ва битум ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

    Завод йилига 43 минг тонна ишлатилган техник мойни қайта ишлаш орқали 30 минг тоннагача мой ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотнинг қарийб 40 фоизи экспортга мўлжалланмоқда.

    Газета.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов ва Болгария Бош вазири Бойко Борисов биргаликда заводнинг ишга тушириш рамзий тугмасини босишди.