Нью-Йоркда арзон уйни қандай топиш мумкин?

Нью-Йорк мунтазам равишда дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рўйхатидан ўрин олади. Нархлар баланд, шу жумладан уй-жой ижараси нархлари, ва доим ошиб бораверади.

Тақдир тақозоси билан АҚШга келаётган кўпгина ватандошларимиз айнан Нью-Йоркка йўл олади. “Катта олма”нинг илк манзил бўлиши бежиз эмас, ахир бу ерда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келганлар Американинг бошқа шаҳарларига қараганда кўпроқ.

15 май куни Бруклиндаги Ўзбек-Америка жамиятида Нью-Йоркда арзон уй-жой топиш мавзуида семинар бўлиб ўтди. Тадбирдан мақсад – ватандошларга, хусусан, кам даромадли оилаларга шаҳарда ҳамда Нью-Йорк штатининг кўпгина бошқа шаҳарларида ҳокимият томонидан субсидия эвазига арзонлаштирилган хонадон топишга оид маслаҳат бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш.

Семинарни молия соҳаси мутахассиси, жамият фаолларидан бири Суҳроб Исмоилов олиб борди. У арзонларшитилган уйни қидириш йўлларида батафсил тўхталди, кимлар бундай хонадонга эга бўлиши мумкинлигини (eligibility requirements) ва ҳужжатларни топшириш жараёнини тушунтирди, керакли ҳужжатлар ҳақида маълумот берди.

Исмоиловнинг айтишича, одатда ўзбеклар АҚШда оёққа туриб олгунича кўпчилик бўлиб бир ёки икки хонали хонадонларда турди. Ваҳоланки, аксариятининг даромади паст, кўп фарзандли оилаларнинг арзонлаштирилган ижарага лойиқ, деб топилиши эҳтимоли баландроқ.

“Оилангиз даромадининг 30 фоизи ижарага кетаётган бўлса, демак сиз субсидияланган хонадон олиш учун лойиқсиз (eligible)”, – дейди мутахассис.

У, шунингдек, ариза топшираётганда барча даромад манбаларини тўғри кўрсатиш, оила аъзоларининг барини санаб ўтиш ва энг муҳими, қийинчиликлар ҳақида батафсил маълумот беришни тавсия қилади. Исмоиловнинг айрим маслаҳатлари қуйидагича:

Бир оиладан битта ариза топшириш мумкин.

Қарамоғингизда қанча кўп одам бўлса, имконингиз ҳам шунча баланд бўлади.

Ҳаммасининг исми-шарифини кўрсатинг.

Ўсмир фарзандларингизнинг ўзи пул топаётган бўлса ҳам, уларнинг даромадининг бир қисминигина умумий оила даромади сифатида кўрсатишингиз керак, ҳаммасини эмас.

Ойига камида бир марта махсус вебсайтларда хонадонлар ижарага бериладиган уйларни текшириб, ўзингизга мос келганига ариза топишириб туринг.

Нью-Йоркнинг қайси қисмида яшангиз, ўша ердан арзон уй топиш осонроқ. Масалан, Бруклиндаги объектлар биринчи навбатда Бруклиндаги оилаларга таклиф этилади.
Оиласида ногирон ёки АҚШ армиясида хизмат қилган одам бўлса, имтиёз биринчи навбатда уларга берилади.

Қидирувни фақат интернет билан чекланмай, қурилаётган уйларга бориб, уй маъмуриятларидан суриштиринг, газеталарни текшириб туринг.

Агар омадингиз чопиб, компьютер ўтказадиган лотереяда сизнинг аризангиз ютиб чиқса, янги уй маъмурияти суҳбат ўтказади. Суҳбатга барча ҳужжатларни олиб бориш керак. Бундан ташқари, суҳбат чоғида ўзингизни яхши тарафдан кўрсатинг. Янги уй ва маҳаллада шовқин қилмаслигингиз, у ерда яшаётган одамлар тинчлигини бузмаслигингизни уй маъмурияти билиши керак.


Семинарга келган ватандошлар эътирофича, бу маслаҳатлар ниҳоятда фойдали бўлди.

“АҚШда шунча яшаб, ҳукумат субсидиялари ҳисобига арзонлаштирилган уй топиш мумкинлигини билмаган эканман. Бугун жуда фойдали маълумот олдим. Энди айтилган вебсайтлар орқали ариза топшираверман”, – дейди семинар иштирокчиси Фароғат Эшбекова.

Тадбир сўнгида Исмоилов меҳмонлар саволларига жавоб берди.

Ҳавола: http://www.uzbekcenter.org/nyu-yorkda-arzon-uyni-qanday-topish-mumkin/