Корея Республикаси Бош вазири: «Ўзбекистоннинг жадал тараққиёти бизни қувонтиради»

    Илгари хабар берилганидек, айни кунларда Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Аннинг мамлакатимизга расмий ташрифи бўлиб ўтмоқда. Ўз ташрифи арафасида Жанубий Корея ҳукуматининг раҳбари “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

    — Жаноб Бош вазир, Сиз Ўзбекистонга расмий ташрифингиз давомида бўлиб ўтадиган музокара ва учрашувлардан нималарни кутаётирсиз ҳамда Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлиги истиқболларини қандай баҳолайсиз?

    — Мен Буюк Ипак йўлининг юраги ҳисобланадиган ва бугунги кунда Марказий Осиёнинг транспорт-логистика хаби сифатида яна ўзини намоён этаётган ажойиб мамлакатингизда бўлишимдан жуда мамнунман.

    Ташриф дастурида Қорақалпоғистондаги Устюрт газ-кимё мажмуасининг қурилиши тугалланиши ҳамда Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйи барпо этилишининг бошланиши маросимларида иштирок этиш кўзда тутилган.

    Мазкур лойиҳалар давлатларимиз раҳбарларининг катта жонбозликлари ҳамда қўллаб-қувватлашлари туфайли муваффақиятли воқеликка айланди ва улар икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ҳамда ўзаро ишончга асосланган муносабатларнинг ажойиб намунаси ҳисобланади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дипломатия муносабатлари ўрнатилган 1992 йилдан буён ўтган давр оралиғида олий даражада 14 та учрашув бўлиб ўтди. Турли йўналишларда яқин стратегик шериклик ўрнатилди ва мустаҳкамланмоқда. Шу давр мобайнида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 500 баробардан зиёд кўпайди.

    Бугунги кунда Ўзбекистон Корея Республикасининг Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик савдо шериги ҳисобланади, мамлакатимиз эса Ўзбекистоннинг сармоявий шериклари рўйхатида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Кўриб турганимиздек, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда ва у катта истиқболларга эгадир.

    — Ҳозирги пайтда турли соҳалардаги Ўзбекистон — Корея Республикаси қўшма лойиҳалари муваффақият билан амалга оширилмоқда. Сурғил конида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси улардан бири ҳисобланади. Ушбу мажмуанинг ноёблиги ҳамда икки мамлакат учун аҳамияти нимада деб ўйлайсиз?

    — Мазкур саноат гиганти қурилишининг якунланиши маросимида қатнашиш менга катта мамнуният бағишлайди. Уни -Жанубий Корея — Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигининг “янги чақиримларни кўрсатадиган устуни” деб аташ мумкин. У ўз кўлами билан, ҳақиқатан ҳам, мегалойиҳадир: ётқизилган сармоя ҳажми қарийб 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

    Бу лойиҳа ҳамкорликнинг янги модели бўлгани туфайли ҳам алоҳида қимматга эга. У хом ашё ресурслари экспортидан қўшма ишлаб чиқаришга ўтишни ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб беришни кўзда тутади.

    Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, 2014 йилнинг апрелида шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Устюрт газ-кимё мажмуасига келдилар. Биз бундай қизиқиш ҳамда эътиборни катта мамнуният билан қабул қиламиз. Бу, табиийки, лойиҳанинг амалга оширилишига жалб этилган ишчиларга ҳам кўтаринки руҳ бахш этади.

    Объект қурилиши якунланишига бағишланган маросимда Жанубий Корея ва Ўзбекистон ҳукуматлари вакилларининг иштироки ушбу лойиҳага қаратилаётган алоҳида эътибордан далолат берибгина қолмай, томонларнинг ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга бўлган қатъий хоҳиш-иродаси ҳамда интилишини ҳам кўрсатади. Келажакда ҳам бундай ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг барпо қилинишида иштирок этиш режалаштирилмоқда.

    — Мамлакатларимиз ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик нефть-газ саноати билан чекланиб қолмайди. Марҳамат қилиб, икки томонлама ўзаро манфаатли бошқа лойиҳалар хусусида ҳам сўзлаб берсангиз.

    — Дарҳақиқат, ўзаро ҳамкорлигимиз энергетика соҳасидагина эмас, балки транспорт, логистика, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият соҳаларида ҳам амалга оширилаётгани маълумдир. Шуни қайд этиш қувонарлики, бугунги кунда Корея Республикасининг мамлакатингизда 400 дан зиёд компаниялари фаол иш олиб бормоқда.

    2009 йилдан буён ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётган Навоий шаҳар аэропортини модернизациялаш, Толлимаржон ИЭСни техник қайта жиҳозлаш, Жанубий Корея — Ўзбекистон электрон ҳукумат марказининг тузилиши лойиҳаларини алоҳида айтиб ўтишни истардим. Жорий йилдан эътиборан агроиншоотлар қурилиши, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, умумий сув тақсимлаш бош режасининг ишлаб чиқилиши ва бошқаларни кўзда тутадиган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бошланди.

    2015 йилнинг ноябрида Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форум доирасида ўзбекистонлик ҳамда Жанубий кореялик шериклар ўртасида қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг миқдордаги битим ва меморандумлар тузилди.

    Бизнинг ҳукуматимиз илғор технология ва илғор бошқарув услубларига эга бўлган Корея Республикаси компанияларига кўмак кўрсатиш, Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини ошириш бўйича лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ -этилишида қатнашиш учун бор имкониятини ишга солади.

    — Шу ўринда биз Навоий, Жиззах ҳамда Ангренда яратилган махсус иқтисодий зоналарда Жанубий Корея сармоядорлари иштирокидаги бизнес лойиҳаларнинг амалга оширилишига доир батафсил маълумотларни олишни истар эдик.

    — Корея Республикаси Ўзбекистоннинг энг йирик сармоядорларидан бири сифатида ўзбек иқтисодиётига катта маблағ киритди. Жанубий Кореянинг “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Жиззах” ва “Ангрен” махсус индустриал зоналарида ўз фаолиятини йўлга қўйган 6 та компанияси қарийб 60 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизди. Улар автомобиллар учун асосий эҳтиёт қисмлар, пардоз-андоз, ёритиш ускуналари ҳамда бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришмоқда. Бундан ташқари, “Навоий” аэропорти базасида ташкил этилган интермодал логистика марказини ривожлантириш мақсадида “Korean Air” компанияси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

    — Маълумки, Ўзбекистонда кўп сонли корейс диаспораси истиқомат қилади. Мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушунишни мустаҳкамлаш учун Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйига пойдевор қўйилиши маросимида иштирок этасиз. Марҳамат қилиб, ушбу лойиҳа юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларингизни ўртоқлашсангиз.

    — Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистонда энг кўп корейс диаспораси яшайди. Уларнинг сони қарийб 180 минг кишини ташкил қилади.

    Ташриф давомида бизнинг делегациямиз Ўзбекистондаги корейсларнинг ўзига хослиги, анъана ҳамда урф-одатларини асраш, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилаётган Корея маданияти ва санъати уйи қурилишининг бошланиши маросимида қатнашамиз. Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг 2014 йил июнь ойида Тошкентга буюрган давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бу муассасани барпо қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Мазкур лойиҳа икки давлат раҳбарларининг ўзбек заминида яшайдиган корейс диаспорасига нисбатан алоҳида эътибори ҳамда ғамхўрлигининг ифодаси ҳисобланади.

    Корея маданияти ва санъати уйи қурилишини 2017 йили тугаллаш режалаштирилмоқда. Бу ерда концерт, кўргазма заллари, меҳмонхона ҳамда бошқа инфратузилма иншоотлари бунёд этилади. Умид қиламанки, мазкур муассаса дўстона алмашувлар майдончаси бўлиб қолади. У ерда одамлар таълим, пазандаликка оид турли курслар ва кўргазмалар ташкил қилиниши воситасида Жанубий Кореянинг гўзаллиги ҳамда тароватидан баҳраманд бўлишади.

    Ҳукуматимиз Ўзбекистондаги миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини юқори баҳолаши баробарида, корейс диаспораси ҳақидаги илиқ ғамхўрликни миннатдорлик билан эътироф этади.

    — Бош вазир жаноблари, Сиз Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида мамлакатимизга ташриф буюрмоқдасиз. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан халқимизга қандай тилакларни изҳор қилишни истар эдингиз?

    — Ўзбек халқини яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз айёми — давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами билан чин дилдан қутлайман. Мазкур ташрифим ана шу юбилей йилида амалга ошаётгани янада чуқурроқ маъно касб этиши мен учун қувонарлидир.

    Ўтган давр мобайнида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Марказий Осиёнинг энг муҳим давлати бўлиб қолган Ўзбекистон йиллик иқтисодий ўсишнинг 8 фоизлик даражасини ва иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминламоқда. Мамлакатнинг жаҳон майдонидаги мақоми жадал юксалиб бораяпти. Ўзбекистон жорий йилда бир йўла икки йирик тузилмага — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётгани бу фикрни тасдиқлайдиган далиллардан биридир.

    Мамлакатингизда изчил тараққиётнинг кузатилаётгани содиқ дўст бўлган, қўлни-қўлга бергани ҳолда, биргаликда муваффақиятларга эришаётган Жанубий Кореяни қувонтиради. Ишончим комилки, биз бундан кейин ҳам яқин ҳамкорлар бўлиб қолаверамиз.

    Ўзбек халқига саломатлик ҳамда бахт-иқбол, мамлакатларимизга эса мустаҳкам дўстлик ва фаровонлик тилайман.

    «Жаҳон» АА.

    SHARE