Францияда Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган конференция ташкил этилди

Парижда буюк саркарда ҳамда давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган конференция, унинг доирасида суратлар кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси томонидан Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси ҳамда Дордонь департаменти билан ҳамкорликда уюштирилган мазкур тадбирда Франциянинг ижтимоий-сиёсий, эксперт ва маданий-гуманитар доиралари, халқаро ташкилотлар, шунингдек, Парижда аккредитациядан ўтган дипломатик корпуслар вакиллари ҳозир бўлди.

Конференцияда қайд этилганидек, улуғ аждодларимизнинг маданий-маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда уни янада бойитиш, ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунда, шубҳасиз, Амир Темур меросининг ўрни жуда каттадир.

Соҳибқироннинг кенг қамровли фаолияти шаҳарларни тиклаш, маҳобатли меъморий ёдгорликлар бунёд этиш, санъат, шеърият ва ҳунармандчиликни ривожлантиришда ҳам намоён бўлади. У мамлакатни маҳорат билан бошқариш тажрибасига эга эди. Бу эса давлатда тинчлик-осойишталик ҳукм суриши, илм-фан, савдо-сотиқ ҳамда ҳунармандчилик ривожига хизмат қилди.

Конференция қатнашчилари бундан олти юз йил муқаддам Амир Темур Франция билан яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш саъй-ҳаракатларини олиб борганига алоҳида эътибор қаратдилар. Бугун икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларга соҳибқирон ҳукмронлиги даврида асос солингани, саркарданинг XV аср бошида Франция қироли Карл VI билан олиб борган ёзишмалари бундан гувоҳлик бериши қайд этилди.

Маърузаларда Амир Темур жаҳон тарихида камдан-кам учрайдиган улуғ сиймо эканлиги, шу боис унинг ҳаёти ва фаолияти, дунё цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси кўплаб мамлакатларда кенг миқёсда тадқиқ қилинаётгани тилга олинди. -Жумладан, айни пайтда Францияда Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси муваффақиятли фаолият кўрсатаётгани бунинг тасдиғидир.

Мазкур ассоциация президенти Фредерик Брессан ўзи раҳбарлик қилаётган уюшма Темур ва темурийларнинг маданий ҳамда илмий меросини ўрганиш, уни оммалаштириш, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган ишлари хусусида тўхталар экан, таниқли тарихчи олим, “Шуҳрат” медали соҳиби, соҳибқирон ҳақидаги асар муаллифи Люсьен Керен ушбу ассоциацияга асос солгани ва унинг биринчи президенти бўлганини айтди.

Ф. Брессан ўз чиқишида Амир Темурнинг ҳаёти ҳамда фаолияти ҳақида атрофлича фикр юритди.

— У буюк бунёдкор, санъат, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлиб танилди, — деди ассоциация президенти. — Францияда соҳибқироннинг инсонпарварлик руҳи билан суғорилган меросини ўрганишга қизиқиш катта.

Ницца расадхонасининг фахрий астрономи Франсуа Леги-Тюли фикр билдирганидек, Мирзо Улуғбекнинг фидокорона фаолияти темурийларнинг жаҳон илм-фани ва инсоният цивилизацияси ривожига нақадар юксак ҳисса қўшганлигига яққол мисолдир.

— Олимнинг бой мероси унинг буюк мутафаккир бўлгани ҳамда астрономия ва математикани чуқур ўрганганидан далолат беради, — деди франциялик астроном. — Дунёнинг турли ҳудудларидан олимлар илмий тадқиқотлар олиб бориш учун Самарқанд-га интилишган ҳамда янги билимлар айнан шу ердан Буюк Ипак йўли орқали бутун -жаҳонга ёйилган. Машҳур илмий мактаблар яратган Мирзо Улуғбек маданиятлараро алмашувларни илгари суриш баробарида, жамиятда билимлар ривожини ҳам рағбатлантирди. Шу боис орадан кўп асрлар ўтганига қарамай, бугун унинг номи Шарқ ва ўарб халқларининг эзгу мақсадлар йўлида бирлашуви рамзи бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, франциялик олима 1429 йили Улуғбек томонидан қурилган расадхонанинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталар экан, у ерда астрономия соҳасида ўз замонасининг энг илғор тадқиқотлари олиб борилганини қайд этди. Улуғбекнинг турли даврларда лотин, француз ҳамда инглиз тилларига таржима қилинган “Зиж” жадвали жаҳон илм-фани равнақига салмоқли таъсир кўрсатган.

“Socra” таъмир компанияси президенти Патрик Палем Шаҳрисабздаги Оқсарой меъморий ёдгорлигининг сопол кошинларини қайта тиклаш лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлардан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

— Оқсарой ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, — деди П. Палем. — Мен Амир Темур ва темурийларнинг буюк меъморий обидаларини қайта тиклашга ҳисса қўшганимдан фахрланаман. Бу лойиҳа Франция ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. “Socra” ушбу дастур доирасида темурийлар даврига оид қарийб 200 квадрат метр ҳажмдаги сирланган кошинларни таъмирлаш ишларини бажарди. Мен ва франциялик касбдошларим ҳамда олимлар учун Ўзбекистонда ўтказган кунларимиз жуда фойдали бўлди.

Кўргазма пештахталарига асарлари қўйилган фоторассом Франсуа Пош ҳам конференцияда сўзга чиқиб, Дордонь департаменти бош кенгаши унга Ўзбекистонга боришни ва темурийлар даврига оид меъморчилик ҳамда санъат дурдоналари суратларини тайёрлаш таклифини билдирганини маълум қилди.

— Суратларим ўзбек замини гўзаллигини, халқнинг очиқкўнгиллиги ва меҳмондўстлигини ўзида акс эттиргани ҳолда, мазкур лойиҳанинг узвий бўлагига айланганидан беҳад хурсандман, — деди у. — Оқсарой лойиҳаси халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштирди. Мен Ўзбекистонда олиб борган ишларимдан катта қониқиш ҳосил қилдим. Асарларимда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ҳамда Хивадаги тарихий ёдгорликлар гўзаллиги билан бирга, республика аҳолиси, турли авлодлар -вакилларининг сиймосини ифодалашга интилдим.

Хулоса тариқасида таъкидлаш мумкинки, Парижда буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишлаб ўтказилган мазкур конференция барчада унутилмас таассуротлар қолдирди.

«Жаҳон» АА.

Париж

SHARE